«Сени куйлаймиз, замондош!»
  • 09 Июнь 2015

«Сени куйлаймиз, замондош!»

Ўзбек Миллий академик драма театрида “Сени куйлаймиз, замондош!” номли Ўзбекистон театрларининг республика кўрик-фестивали бошланди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестивалнинг очилишига бағишланган маросимда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида миллий театр санъатини ривожлантириш, унинг халқимиз маънавий-маърифий ҳаётида тутган ўрнини кучайтириш, замонамиз қаҳрамонлари образини талқин қилиш, шулар орқали ёшларни комил инсон этиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. “Сени куйлаймиз, замондош!” республика танловидан кўзланган асосий мақсад ҳам юртдошларимизда она-Ватанимизга нисбатан фахр, ифтихор туйғуларини янада оширишга хизмат қилувчи саҳна асарлари яратишни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
— Ушбу нуфузли анжуман республикамиздаги барча театр жамоаларини янада изланишга, янги спектакллар тақдим қилишга ундамоқда, — дейди “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ходими, фестиваль ҳайъати аъзоси Эсонбой Ўринов. — Ўтган йиллар давомида танловда намойиш этилган кўплаб саҳна асарлари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Қолаверса, театр жамоалари ижодий сафарлари чоғида уларни кенг омма эътиборига ҳавола қилди.
Танловга тақдим этилган ўттиздан ортиқ саҳна асаридан ўн биттаси танлаб олиниб, пойтахтимиздаги театрлар саҳналарида қўйилмоқда. Шунингдек, фестиваль доирасида маҳорат сабоқлари, ижодий мулоқотлар, “Саҳнада — замондош образи” мавзуидаги илмий-амалий анжуман ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
“Сени куйлаймиз, замондош!” Ўзбекистон театрларининг республика кўрик-фестивалининг дастлабки куни Бухоро вилояти мусиқали драма театрининг “Бурч”, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрининг “Орол бобо”, Ўзбек Миллий академик драма театрининг “Заминдан олис кетма” спектакллари намойиш қилинди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn