Ипак гиламлар жилоси
  • 03 Июнь 2015

Ипак гиламлар жилоси

Қадимий Бухоронинг мадрасаю карвонсаройларини томоша қилаётган  сайёҳлар эътиборини халқ амалий санъати усталари фаолияти ҳам ўзига тортмай қўймайди. Гиламдўз Улуғбек Қосимовнинг устахонаси шундоқ Лаби Ҳовуз бўйидаги кўҳна Нўғой карвонсаройида жойлашган.

— Онам Адолат Раҳимова кандакорлик билан шуғулланарди, — дея эслайди Улуғбек. — Ёнларида туриб кузатардим. Нақшлар, гуллар тасвири менга мўъжизадек туюларди. Гиламдўзликни ўрганишимга ҳам шу нарса туртки бўлган, деб ўйлайман. Биласиз, истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ халқ амалий санъати равнақига кенг йўл очилди. Мен ўша паллада ҳали ўрганувчи эдим. Бу орада Бухоро давлат университетининг бадиий графика йўналишида ўқиб, билимларимни оширдим. Халқ амалий санъати тарихини ўргандим. Мустақил ишлашга киришдим.
Улуғбекнинг булар ҳақида алоҳида тўхталаётгани бежиз эмас. Гиламдўзлик жуда қадимий тарихга эга. Бухорода ушбу ҳунарнинг илдизи III асрларга бориб тақалади. Сопол буюмлар, деворий суратларда мазкур ҳунар намуналарини кўриш мумкин. Ўша давр гиламлари рангларининг тўқлиги,  бетакрор жилоси билан ажралиб турган. Уста уларни тўқиш технологиясини ўзлаштириб, унутилган усулни қайта тиклади.
— Гиламга ота-боболаримиз шунчаки рўзғор буюми сифатида қарашмаган, — дея давом этади у. — Қадимда Бухоро даштликларида “Энсигилам” деб аталган гилам жуда қадрланган. Ўша вақтда балоғатга етган қизнинг шундай гилам тўқиши урф бўлган. Совчилар уни кўздан кечириб, бўлғуси келиннинг нафақат маҳорати, балки феъл-атвори ва дунёқарашига  ҳам баҳо беришган. Негаки, ушбу гиламда босиқлик, вазминлик, сабрлилик, саранжом-саришталик каби фазилатлар, албатта, ўз аксини топади.
Ипак гиламлар сифати кўп жиҳатдан бўёққа ҳам боғлиқ. Улуғбек анор, пиёз, ёнғоқ пўчоқларидан табиий бўёқлар тайёрлашни ҳам йўлга қўйган. Негаки, бундай гиламлар, одатда, оҳорини йўқотмайди, йиллар ўтгани сайин “очилиб” бораверади. Шу боис уларнинг бозори чаққон. Уста эскизларни ҳам ўзи чизади. Билганларини ёшларга ўргатишдан эринмайди. Бир муддат  ЮНЕСКО шафелигида Хивада, кейин эса Бухорода очилган ҳунармандчилик мактабларида ишлади. Кўплаб шогирдлар тайёрлади. Айни дамда ҳам унинг устахонасида эллик нафар қиз гилам тўқиш сирларини қунт билан ўрганмоқда.
— Бухоро қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида сабоқ олаяпман, — дейди ўзини Ситора Бўронова дея таништирган қиз. — Машғулотлардан кейин  Улуғбек аканинг устахонасига келиб, гилам тўқиш борасидаги маҳоратимни ошираяпман. Кўриб турганингиздек, бу ерга хорижий сайёҳлар кўп келишади. Улар ишимизни кузатиб, ҳайратланишади. Буюртмалар беришади. Ана шундай кезларда мен ғурурланиб кетаман. Шу ҳунар орқали устозимга ўхшаб юртимизни дунёга танитиш ниятидаман.
Дарвоқе, Улуғбек  Қосимов кўплаб халқаро кўргазмаларда қатнашган. У ва шогирдларининг қўлидан чиққан ипак гиламлар нақшинкор  жилоси билан турли тилларда сўзлашувчи кишиларни мафтун этиб келмоқда. Уларни хориж музейлари ва шахсий коллекцияларда ҳам учратиш мумкин. Юртимиз таровати, ҳаёт нафаси, қалб ҳарорати уфуриб турган ушбу гиламлар дунё аҳлига серқуёш Ўзбекистонни, кўҳна Бухорони эслатиб туради.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn