Имтиёз, эътибор ва рағбат мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг равнақ топишида муҳим аҳамият касб этмоқда
  • 18 Апрель 2015

Имтиёз, эътибор ва рағбат мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг равнақ топишида муҳим аҳамият касб этмоқда

Юртимиз азал-азалдан ўзининг уста ҳунармандлари билан етти иқлимга маълуму машҳур. Айниқса, ҳудудимизда ёғоч ўймакорлиги, кулоллик, сангтарошлик,  зардўзлик, наққошлик, каштадўзлик, гиламдўзлик, заргарлик сингари қадимий ҳунарлар авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани ва халқимизнинг миллий қадриятлари даражасига кўтарилганлиги диққатга сазовордир.

Истиқлолга эришилгач, халқ ҳунармандчилигига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Соҳани ривожлантиришга оид ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилиб, солиқ имтиёзлари ва бошқа қатор енгилликлар берилди.  Жойларда миллий ҳунармандчилик анъаналари бардавомлигини сақлаш мақсадида “Устоз — шогирд” мактаблари ташкил қилинди. Айниқса, “Ҳунарманд” уюшмаси ва унинг жойлардаги бўлимлари фаолияти йўлга қўйилиши соҳа вакиллари ишини янги босқичга олиб чиқишга шароит яратди. Бу борада Президентимизнинг 2010 йил 30 мартда қабул қилинган “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Бинобарин, бугун ҳунармандларимиз ўз меҳнатлари орқали санъат даражасига кўтарилган буюмлари билан дунё кезмоқда. Юртимиз ҳамда кўплаб хорижий давлатларда ўтказиладиган фестиваллар, кўрик-танлов ва кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этаяпти. Бу мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликка бўлган эътибор, қўли гул усталарга яратилган шарт-шароитларнинг амалдаги ифодаси сифатида намоён бўлаётир.
Эзгу мақсадда ташкил этилган “Ташаббус” танлови сабаб ҳар йили юзлаб ҳунармандларимиз ушбу нуфузли кўрикда ўз салоҳиятлари, имкониятларини намойиш қилишаяпти. Биргина “Ташаббус — 2014”  республика кўрик-танловининг дастлабки босқичларида вилоятлардан  юздан зиёд ҳунарманд қатнашди. Бу эса ҳар бир иштирокчи ўзи танлаган йўналиши бўйича янгиликлар, ташаббуслар устида ишлади, изланди, зарур ҳолларда унутилаёзган анъаналар қайта тикланишига ҳисса қўшди, деганидир. Масалан, Андижон шаҳридан миллий мусиқа асбоблари ясовчи Абдумалик Абдураимовнинг “Ташаббус — 2014”да биринчи ўринни эгаллаши ва  “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” деб топилгани, қолаверса, “Эътироф — 2014” маросимида “Йилнинг энг моҳир ҳунарманди” номинациясида хоразмлик кулол Одилбек Матжоновнинг ғолибликни қўлга киритгани юксак эътибор намунасидир.
Айни пайтда уюшмада касаначиликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Биргина ўтган йили уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан касаначилик соҳасида 883 та иш ўрни ташкил этилган бўлса, улардан 297 нафари хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, мамлакатимизда ўтказилиши яхши анъанага айланиб қолган “Мустақил юрт ҳунармандлари”, “Ўзбекистон халқ амалий санъати — дунё нигоҳида”, “Мустақиллик нафасида камол топган ҳунармандлар”, “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан”, “Қўли гулдир ўзбек аёлин” сингари ўнлаб танловлар ҳам борки, уларнинг барчаси бир мақсадга — юртимизда фаолият юритаётган уста-ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган.
Айтиш жоизки, “Ҳунарманд” уюшмаси фаолияти республикамизнинг чекка ҳудудларида ижод қилаётган моҳир ҳунармандларни излаб топиш, юртдошларимиз ҳамда мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳларни уларнинг меҳнат маҳсули билан таништиришга қаратилган. Ҳар йили уюшма қошида 700 дан ортиқ “Устоз — шогирд” мактаблари ташкил этилиб, уларда 4000 га яқин  ёшларга касб-ҳунар ўргатилади. Хусусан, 2014 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан 574 нафари уюшма аъзолигига  имтиёзли тарзда қабул қилинди. Айни пайтда Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона вилоятларида “Ҳунармандлар марказлари” очилган бўлиб, улар ҳузурида “Устоз — шогирд” мактаблари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Ўтган йиллар давомида ҳунармандларимиз дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, Франция, Япония, АҚШ, Англия, Малайзия,  Италия, Хитой, Озарбайжон, Жанубий Корея, Туркманистонда ўтказилган кўргазма ва танловларда муваффақиятли иштирок этди. Айтайлик, ғиждувонлик кулол Алишер Нарзуллаев Португалиянинг Лиссабон шаҳрида ташкил қилинган Бутунжаҳон  кулоллар танловида ўз маҳсулотлари билан қатнашиб, Гран-прини қўлга киритди.
Мана шундай ютуқлар, ҳунармандларимизнинг хорижий давлатларда кўп бора эътироф этилиши, шубҳасиз, мамлакатимизда соҳа вакиллари учун яратиб берилган улкан имкониятлар самарасидир. Бундай эъзоз ва ғамхўрлик эса ёшларимизни миллий анъаналаримизга ҳурмат, халқ амалий санъатига эътибор руҳида тарбиялашга хизмат қилаверади.

Муҳаммадюсуф ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ усталари,
ҳунармандлари, мусаввирлари «Ҳунарманд» уюшмаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn