Гул бир ён, чаман бир ён...
  • 15 Апрель 2015

Гул бир ён, чаман бир ён...

Гуллар шаҳри, дея эътироф этиладиган Наманганда гўзалликка ошуфта инсонлар кўп. Шу боис бу кентнинг ҳар бир хонадони чаманзорни эслатади. Ҳамиша баҳридилингизни очадиган ана шундай дилтортар манзиллардан бири Сардоба даҳасида жойлашган. Эрта баҳордан то кеч кузгача бу ерга кирсангиз, димоғингизга урилган ёқимли бўйдан ажиб роҳат оласиз.

Хонадон ўз даврида машҳур бўлган Муҳаммад гулчининг бешинчи сулоласи — Аҳмаджон Султоновга қарашли. Оилада истиқомат қилаётган етти киши — отадан тортиб кенжа фарзандгача — барчаси шу касб-кор этагидан тутган. Аҳмаджон аканинг гулга қизиқиши шунчаки ишқибозлик эмас. Негаки, у — бу жабҳада ноёб иқтидор ва қобилият эгаси. Мўъжазгина ҳовлисида ҳар мавсумда уч минг тупдан ортиқ гул етиштиради. Улар орасида оддий атиргулдан тортиб, эндиликда заминимиз тупроғида яйраб илдиз отаётган магнолиягача бор.
Аҳмаджон аканинг айтишича, у ноёб гулларни иқлимга мослаштиришни отаси, география ва биология фанлари муаллими Абдуваҳоб Султоновдан ўрганган. Таъбир жоиз бўлса, бугун ана шу “илмий изланишлар”ни унинг ўғил-қизлари, набиралари давом эттирмоқда. Масалан, ҳовлидаги иссиқхонада Франция, Голландия, Австралия каби  мамлакатлардан  келтирилган элликдан зиёд гул уруғи навларини экиб, иқлимимизга мослаштириш йўлга қўйилган. Уларни нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатларидаги кўплаб нафосат шайдоларига ҳам етказиб беришаяпти. Қолаверса, кейинги пайтларда Голландия петуниясининг саккиз  хилини экиб, кўпайтириш ўзлаштирилди.
— Юртимизда тадбиркорларга ҳар томонлама эркинлик ва имтиёзлар берилиши гулчиликни оилавий бизнеснинг самарали турига айлантириш имкониятини яратди, — дейди А. Султонов. —  Шу сабабли ҳозир касб-коримиз ортидан топганимиз рўзғоримизга барака, ҳаётимизга мазмун киритмоқда,
Дарҳақиқат, бугун Намангандаги бунёдкорлик ишлари кўҳна ва навқирон шаҳар қиёфасини кун сайин ўзгартирмоқда. Бири-биридан чиройли бинолар қаторида кўча ва хиёбонлар ҳам тобора файзли тус олаётир. Ҳадемай, уларнинг барчаси ранг-баранг чечаклардан безак тақади. Зеро, шаҳар кўркига кўрк қўшаётган бундай хушбўй гулларни кўпайтиришда Аҳмаджон Султонов сингари оилавий тадбиркорларнинг ҳиссаси катта.


Насимжон ЮНУСОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn