Аёл гўзал — олам гўзал, аёл бахтли — оила, жамият бахтли
  • 09 Март 2015

Аёл гўзал — олам гўзал, аёл бахтли — оила, жамият бахтли

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ҳаёт фалсафаси, маъно-мазмуни ва гўзаллиги, энг аввало, барчамизни дунёга келтирган Она сиймосида, аёл тимсолида намоён бўлади. Зеро, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саховати билан оилани оила қиладиган, унга файзу барака олиб келадиган, фарзандларимиз қалбига Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини сингдира оладиган аёлларнинг юксак фазилатлари чуқур эҳтиром ва эъзозга муносибдир.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарасини бугун уларнинг маҳаллалар, оилаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, -фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш баробарида, юртимиз ҳаётидаги беқиёс янгиланишлар жараёнида фаол қатнашиб келаётгани мисолида кўриш мумкин.
Айни чоғда давлат идоралари бошқарувида, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият каби турли жабҳаларда аёллар улуши ортиб бораётгани эътиборга молик. Уларнинг интеллектуал салоҳияти, тиришқоқлиги ва маҳорати туфайли юртимизда барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришилаётир. Айниқса, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда хотин-қизларимиз фаол иштирок этгани, уларнинг юрт тақдирига дахлдорлиги нафақат маҳаллий жамоатчилик, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Бу мамлакатимизда опа-сингилларимизга билдирилаётган юксак ишонч, эътибор ва ғамхўрлик натижаси, десак, асло муболаға бўлмайди.
Юртимизда хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни қадрлаш, оғирини енгил қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашда оналарга кўмакдош бўлиш, айниқса, қизларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллашларига яқиндан ёрдам бериш, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган умуммиллий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлод вояга етмоқда.
Жорий йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ва шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури ижросига киришилгани нуроний онахонлар, пиру бадавлат отахонларга меҳр-оқибат, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, улар ҳаётига дахлдор бўлган масалаларни ечиш ҳамда ёш авлодни она-юртга муҳаббат руҳида камол топтиришда ҳаётий бой тажрибаларидан фойдаланиш каби ишларни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.
Шунингдек, ўтган йилда вафо ва садоқат туйғусини юксак пардаларда тараннум этган, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида қабул қилинган қарор нафақат адабий жамоатчиликнинг, балки республикамиз хотин-қизларининг кўнгил байрамига айланиб кетгани эътиборга молик.
6 март куни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил қилинган йиғилишда ҳам шулар алоҳида эътироф этилди. Унда турли соҳаларда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган аёллар, онахонлар, лобар қизлар, хотин-қизлар қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Қатнашчилар дастлаб пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонида бўлиб, истиқлолимиз ва порлоқ истиқболимиз ҳамда эзгу ниятларимиз рамзи — Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Сўнгра улар академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг кардиохирургия мажмуаси, Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган Республика олимпия захираси спорт мактаби, пойтахтимизнинг Олмазор тумани, Хончорбоғ маҳалласидаги аёллар маслаҳат маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Тантанали йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов очди.
Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси
Э. Боситхонова ва бошқалар мустақил тараққиёт йилларида Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топтириш, олдимизда турган эзгу мақсадларга эришиш йўлида фидойи ва ташаббускор хотин-қизларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини, буларнинг барчаси юртимиз аёлларининг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг қувончли натижалари эканини таъкидлади. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом бола — аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир, деган ҳаётий ҳикматдан келиб чиққан ҳолда, соғлом ва мустаҳкам оилалар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш даражасини янада юқори босқичга кўтарди.
Ҳозирги вақтда аёл нафақат уй бекаси, оқила она, шу билан бирга, уддабурон тадбиркор, иқтидорли раҳбар ҳамдир. Албатта, бу мамлакатимизда хотин-қизларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишларига зарур ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилгани, пировардида улар ўртасида тадбиркорликка бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётгани самарасидир. Буни охирги ўн йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарига раҳбарлик қилаётган хотин-қизлар улуши 1,6 баробар ошгани, кичик бизнес субъектларининг 40 фоизини аёллар бошқараётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Қолаверса, Соғлом бола йилида тижорат банклари томонидан фақатгина аёлларимиз учун 1 триллион сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилганлиги, касб-ҳунар коллежлари битирувчиси бўлган қизларимизнинг 85 фоизи иш билан таъминлангани ҳам, аввало, хотин-қизларимизнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топганини тасдиқлайди.
Юртимизда аёллар ва болалар спортини ривожлантириш, спортнинг қизларга мос турларини оммалаштиришга қаратилаётган эътибор натижасида сўнгги йилларда бадиий гимнастика, стол тенниси ва сузиш билан шуғулланаётган қизлар сафи кенгайиб бораётир. Биргина ўтган йилда қизларимизни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида уларга 6 миллиард сўмлик спорт кийимлари тўплами бепул берилгани давлат сиёсати даражасидаги ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли бугун юзлаб қизларимиз халқаро спорт мусобақаларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, юксак совринларни қўлга киритмоқдалар. Чунончи, 2014 йилда Жанубий -Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида вакилларимиз орасида аёл спортчиларимиз ҳам муносиб қатнашиб, совринли ўринларни эгаллагани барчамизга чексиз фахр, ифтихор бағишлади.
Тадбирда жорий йилда адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият соҳаларида эришган муваффақиятлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 14 нафар қизга ушбу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари — Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Шахзада Базарбаева, Фарғона олимпия захиралари коллежининг 3-босқич ўқувчиси Сарвинозхон Саидхўжаева мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, айниқса, қизларни спортга кенг жалб этиш доимий эътиборда эканлигини, мазкур юксак мукофот эса уларни келгусида янада юқори чўққиларни эгаллашга рағбатлантиришини қайд этдилар.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С. Саййид, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б. ўаниев ва бошқалар юртимизда хотин-қизларни эъзозлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар Ватанимизни янада обод этиш, тинчлик-осойишталикни сақлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Кечада санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерти намойиш қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эътибор, эъзоз, эҳтиром Доимо ардоқда »