Вафо ва садоқат куйчиси
  • 07 Февраль 2015

Вафо ва садоқат куйчиси

“Туркистон” саройида Ўзбекистон халқ шоири Зулфиянинг “Хотирам синиқлари” достони асосида “Дийдор” театр-студияси томонидан саҳналаштирилган “Ёдим синиқлари” спектаклининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда ижодкорлар, маданият ва санъат арбоблари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.
“Дийдор” театр-студияси томонидан тақдим этилган ушбу саҳна асари мустақиллик, тинчлик ва осойишталик нақадар улуғ неъмат эканини, бу кунлар ўз-ўзидан келмаганини шоира тимсолида юксак бадиий маҳорат билан ифодалагани, бугунги ёшларни Ватанга муҳаббат ҳамда садоқат, инсоний фазилатларга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиши, уларни қатъиятлилик, мардлик, жасорат ва шижоат кўрсатиб яшашга ундаши билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳаларда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Хусусан, миллий адабиётимизда ёрқин из қолдирган ижодкорларнинг ҳаёти ва бой меросини ўрганишга қаратилаётган доимий эътибор халқимиз, хусусан, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борада алоҳида ўрин тутади.
Қарорга биноан, юртимизда мазкур тадбирга қизғин тараддуд кўрилаётир. Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Зулфияхоним мактаби” тўгараги ташкил этилди. Унда шоиранинг публицист сифатидаги ибратли фаолияти, бой тажрибаси ёшларимизга ўргатиб борилаяпти. Шунингдек, ижодкорнинг “Сайланма”си ҳамда “Зулфия замондошлари хотирасида” китоби нашрга тайёрланмоқда.
“Ёдим синиқлари” спектакли юртимиз бўйлаб кенг намойиш этилиши режалаштирилаётир. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.


Дилмурод СОДИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn