«BS-Asahi» телеканали Ўзбекистондаги жадал ривожланиш ва сайёҳлик имкониятлари ҳақида
  • 04 Февраль 2015

«BS-Asahi» телеканали Ўзбекистондаги жадал ривожланиш ва сайёҳлик имкониятлари ҳақида

Япониянинг “BS-Asahi” телеканали  “Ima Sekai wa” (“Бугунги дунё”) дастури доирасида Ўзбекистонга бағишланган кўрсатувни эфирга узатди. Унда мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти, юртимиздаги тарихий шаҳарлар, ўзбек халқининг бой маданий мероси сингари мавзулар қамраб олингани баробарида, Ўзбекистон — Япония муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида ҳам фикр юритилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон макроиқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини намойиш этмоқдаки, бу унинг жадал ривожланаётган давлатлар қаторидан жой олишини таъминламоқда.
“Республикада катта демографик салоҳият мавжуд бўлиб, унинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Мамлакат бой табиий ресурсларга ҳам эга. Ана шундай омиллар ва чуқур ўйланган ривожлантириш стратегияси туфайли мустақиллик қўлга киритилганидан буён республикада барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёт таъминланаяпти. Токиодан Тошкентга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилган. Ҳозирги пайтда бир ҳафтада иккита парвоз амалга оширилмоқда”, деди япон журналисти.  
Сўнгра телеканал мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятлари ҳақидаги маълумотларни ўз томошабинлари эътиборига ҳавола қилди. Таъкидланганидек, дунё сайёҳлари Ўзбекистонга катта эътибор билан қарамоқда. Жаҳон сайёҳлик бозорида республикамизнинг нуфузи тобора ортиб бораётгани хусусида тўхталар экан, “BS-Asahi” кейинги йилларда Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар сони 7 баробар кўпайганини алоҳида эътироф этди. “Мамлакатга келган сайёҳлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари афсонавий шаҳарларда жойлашган меъморий ёдгорликлардан ҳайратга тушадилар. Мазкур тарихий обидаларнинг аксарияти ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан жой олган”, деди япон журналисти.
Кўрсатувда Тошкент телеминораси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Самарқанддаги Бибихоним обидаси, Бухородаги Минораи Калон, Хиванинг Ичан-Қалъаси ҳақида атрофлича сўз борди. Алоҳида қайд этилганидек, ана шундай осориатиқалар сайёҳлар ва меъморий гўзаллик шайдоларида унутилмас таассуротлар қолдирмоқда.
Юқоридагилардан ташқари, япон экспертлари билан уюштирилган интервьюлар ҳам мазкур кўрсатувдан жой олди. Улар юксак иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон Япония учун Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим мамлакат эканлигини таъкидлашди. Маълум қилинганидек, республикада ҳар томонлама ривожланган, баркамол авлодни тарбиялашга катта эътибор қаратилаяпти. Бугунги кунда ўзбек ёшлари хорижий тилларни, жумладан, япон тилини ҳам фаоллик билан ўрганмоқда.
Ушбу кўрсатув намойиши япон томошабинлари орасида мамлакатимизга нисбатан қизиқишни янада кучайтирди.

«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn