Гўзал диёримиз гавҳари
  • 11 Август 2014

Гўзал диёримиз гавҳари

Улуғ неъмат — истиқлолга мушарраф бўлган Ўзбекистонни қутлуғ манзил, буюк келажак сари интилаётган катта карвонга қиёслаш мумкин. Йигирма уч йиллик сана эса бу йўлдаги нурли бир бекат. Бирон бир бекатга етгач, беихтиёр ортга нигоҳ ташланади. Шу маънода, бугун қутлуғ бир бекатда туриб, сафар сарҳисоби қилингудай бўлса, истиқлол карвони босиб ўтган йўлда нурли изларни, юрт равнақи, эл фаровонлиги учун амалга оширилган кўпдан-кўп хайрли ишларни, улкан бунёдкорликларни кўриб, беихтиёр қалбимиз чексиз фахр-ифтихорга тўлиб-тошади.

Эрта саҳар боғ оралаб тонг отишини кузатганмисиз? Оёғингиз остидаги оддий гиёҳдан тортиб, бошингиз узра эгилган ҳар бир дарахт новдаси, ҳар бир япроқ нурга интиқ тургандек туюлади. Умид-ла Қуёшга талпинаётгандек кўринади, гўё. Кўп ўтмай, офтоб шуъласи боғ узра таралиб, ажиб жозиба, тароват бағишлайди, атрофни чароғон этади. Она замин — Ўзбекистонни мисоли бир боғ деб тасаввур этсак, балқиб турган Истиқлол қуёши бу боғни ана шундай жозибага буркайди. Бинобарин, бу боғнинг кўрку тароватини қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳри мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Асрлар билан бўйлашган шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқлар кўркамлашди. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари, чиройли тураржойлар, маданий-маиший объектлар, мактаблар, коллежлар қад ростлади. Иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларда қувонарли ютуқлар қўлга киритилди. Қисқача айтганда, барпо этилган равон йўллар, гўзал хиёбонлар кўҳна шаҳарни яшнатиб юборди.

Хиванинг маҳалла ва унга туташ қишлоқларида биргина ўтган йилнинг ўзида намунавий лойиҳа асосида 150 та тураржой фойдаланишга топширилди. Шунингдек, кейинги йилларда буюк бобокалонларимиз хотирасига барпо этилган Огаҳий боғи, Шерозий боғи, Беруний боғи, Феруз боғи каби боғ-роғлар ҳам гавжум масканга айланиб улгурган.

Воҳада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари бутун мамлакатимизда бўлганидек, одамлар кучига куч, ғайратига ғайрат қўшмоқда. “Хоразм гиламлари” корхонаси тўқувчилари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бугун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам маълуму машҳур. Умуман, бугун Хивада 2500 дан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида улар сафига яна қарийб 60 та ишбилармонларимиз қўшилдилар. 

Хива — азал-азалдан миллий ҳунармандчилиги билан бутун Шарқда донг таратган. Туман ҳунармандлари уюшмаси теварагига бирлашган 200 нафардан зиёд ёғоч ўймакорлиги, тўқувчилик, зардўзлик, кулоллик, либослар тикувчиси ва бошқа касб-кор билан шуғулланувчи усталар умрбоқий анъаналарни “Устоз — шогирд” мактаби асосида юзлаб ёш йигит-қизларга ўргатишмоқда. Турган гапки, ўз-ўзидан бу янги иш ўринлари очилишига имконият яратмоқда.

Чўгирмадўз ва пўстиндўз Шокиржон Абдуллаев ҳунарманд усталар сулоласининг еттинчи авлод вакили. Президент соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят ва республика босқичларида бир неча бор муваффақиятли қатнашиб, совриндор бўлган уста бугунги кунда ҳунари сир-асрорларини фарзандлари ва шогирдларига қунт билан ўргатмоқда. Қўли гул ҳунарманд маҳсулотларини чет эллик сайёҳлар ҳам зўр қизиқиш билан кузатишади ва харид қилишади.

Биз томонларда бир удум бор. Янги оила қураётган келин-куёвлар тўй куни, энг аввало, Ичан қалъага ташриф буюриб, Саййид Аловиддин, Паҳлавон Маҳмуд ва бошқа буюк зотлар мангу макон тутган қадамжоларни зиёрат қиладилар. Бу ҳам аждодлар хотирасига эҳтиром ва садоқат рамзидир.

Ичан қалъага кириладиган тўртта дарвозанинг бири — Ота дарвоза олдидаги доимо гавжум бўладиган меҳмондўстлик майдонига қадамранжида қилган киши ажиб манзаранинг гувоҳига айланади. Бир томонга боқсангиз, замонавий русумдаги автоуловларни, улардан тушиб зиёратга ошиқаётган келин-куёвларни, қўлларида, елкаларида рақамли фотоаппарат — атрофга ҳайрат назари билан боқиб, хорижий тилда ўзаро гаплашиб келаётган гуруҳ-гуруҳ сайёҳларни кўрасиз. Яна бир томонга қарасангиз, асрлар оша қад тиклаб турган афсонавий қалъа деворларига, нилий гумбазлару осмонўпар минораларга кўзингиз тушади.

“Хива — гўзал диёримизнинг гавҳари, халқимиз санъати ва бунёдкорлиги тимсоли, маданий ва маънавий анъаналаримизнинг абадийлигини ўзида мужассам этган бир мўъжизадир”, деган эди Президентимиз Ислом Каримов Хиванинг 2500 йиллигига бағишланган тантанада сўзлаган нутқида. Дарҳақиқат, уни бир бор кўриш учун бугун дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳлар оқими йилнинг тўрт фаслида ҳам асло тўхтамайди.

— Айтганларича бор экан, кўриб қойил қолдим, — дейди франциялик меҳмонлардан бири. — Ичан қалъада сайр қилиб, ўзимни худди қадим Шарқ эртакларида тасвирланган воқеалар ичида юргандек ҳис этдим. Очиқ осмон остидаги музейга энди бутун оилам билан келишни ният қилдим.

Бу сўзларни тинглай туриб, шу замин фарзанди сифатида чексиз фахр туясан киши.

Хива нафақат асрлар силсиласидан омон ўтиб келган тарихий обидалар, балки ўз истеъдоди, салоҳияти, кашфиётлари билан жаҳон илм-фанига улкан ҳисса қўшган алломалар, фозилу шоирлари билан ҳам машҳур. Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Нажмиддин Кубро, Абу Наср ибн Ироқ, Маҳмуд Замахшарий. Улар қолдирган бой илмий меросни баҳолашга қодир тошу тарози топилмаса керак!

Қутлуғ айём — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 23 йиллигини нишонлашга тараддуд кўрилаётган шу кунларда қайси бир элдошимиз, айниқса, ёшлар билан суҳбатлашсангиз, амин бўласизки, уларнинг орзу-ҳаваслари бир олам. Ниятлари — ҳаётда яхши из қолдириш. Уларни тингласангиз, юрт келажаги ишончли қўлларда эканига амин бўласиз. Шу муқаддас замин фарзанди, бутун жаҳон ҳавасда боқиб турган озод ва обод Ватан фуқароси эканлигингиздан беқиёс ғурур туясиз.

 

Отабек ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn