Таъкидланганидек, маданий меросни сақлаш, ўрганиш, уни келажак авлод вакилларига етказиш жамиятнинг барқарор ривожланиши ҳамда маънавий юксалишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, маданий мерос, халқимизга хос қадриятлар, қадимий тарихий ёдгорликлар маънавият шаклланишининг энг муҳим асосларидан биридир. Шу боис мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ, маданий мероснинг муҳофаза қилинишини таъминлаш, уни ўрганиш, оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Албатта, ушбу жараёнда халқаро ҳамкорликнинг ривожлантирилгани, табиат ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий ҳамда институционал тизими яратилгани муҳим омил бўлмоқда.
Давра суҳбатида “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги қонунларнинг ижросини таъминлашда жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Чунончи, “Ҳунарманд” уюшмаси, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси, “Ўзбекмузей” музейларни қўллаб-қувватлаш республика, “Мерос” халқаро хайрия илмий-амалий экспедицияси фондлари маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги “2010 — 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Мунозаралар якунида маданий меросни сақлаш ҳамда улар ҳолати ёмонлашувининг олдини олиш, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик механизмларини татбиқ этиш бугунги кунда айни зарурат эканлигига эътибор қаратилиб, бу борадаги масалаларни ҳал қилишда ННТ иштирокини кенгайтириш, самарадорлигини оширишга қаратилган зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.
Зиёда АШУРОВА.