Боқий қадриятларга эҳтиром
  • 14 Июль 2014

Боқий қадриятларга эҳтиром

Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаб “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севгим ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган ушбу анжуманда фольклоршунос олимлар, соҳа мутахассислари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва маҳаллалар фаоллари қатнашди.

Таъкидланганидек, ёшларни баркамол қилиб тарбиялашда миллий қадриятларимизнинг бир бўлаги бўлмиш қадимий халқ қўшиқлари, урф-одат ва анъаналар, турли маросимларнинг ўрни беқиёс. Шу боис истиқлолнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда халқ ижодиёти дурдоналарига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунинг натижасида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган номоддий маънавий меросимиз дурдоналарини асраб-авайлаш ҳамда уларни янги манбалар билан бойитишга алоҳида урғу берилмоқда. 
— Аллаю лапарлар эшитиб улғайган боланинг қалбида миллий қадриятларга ўзгача меҳр жўш уради, — дейди тадбир иштирокчиси, Жиззах педагогика институти ўқитувчиси, фольклоршунос олим Раҳматилла Саримсоқов. — Зеро, маънавиятимизнинг бундай сарчашмаларида тарихимиз, урф-одат ва анъаналаримиз мужассам.
Тадбирда халқаро кўрик-танлов ва фестиваллар совриндори  “Дурдона” фольклор жамоаси, Олмазор туманидаги “Ҳилола” болалар фольклор жамоаси, Ангрен шаҳридаги ўланчилар гуруҳи ҳамда “Ёдгор” болалар гуруҳларининг халқ термалари, миллий қўшиқ ва рақсларидан иборат концерт дастури тадбир қатнашчиларига ғоят манзур бўлди. Анжуман доирасида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, қўғирчоқсоз уста Мансур Қурёзовнинг ижодий ишлари асосида миллий қўғирчоқлар намойиши бўлиб ўтди. Буларнинг барчаси бир мақсадга — халқимиз миллий қадриятлари даражасига айланган номоддий бойликларимизни келгуси авлодларга тўла-тўкис етказишга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.


М. ХОЛМАТОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn