Таътил сурури
  • 13 Июнь 2014

Таътил сурури

Ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил мавсумида кўнгилли дам олишини таъминлаш, саломатликларини мустаҳкамлашда оромгоҳларнинг ўрни беқиёс.

Негаки, у ердаги мароқли ҳордиқ, турли мусобақалар, интеллектуал тадбирлар, юртимизнинг сўлим жойларига уюштириладиган саёҳатлар навқирон авлодда она-табиатга нисбатан меҳр-муҳаббатни ошириши баробарида, дунёқарашини ҳам бойитишга имкон яратади.

Шу боис айни пайтда мамлакатимизда болалар ёзги оромгоҳларини ташкил этиш, уларни мавсумга ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда, 214 та стационар оромгоҳдан ташқари ҳудудларда фаолият юритадиган кундузги ҳордиқ масканларининг рўйхати шакллантирилди. Унга кўра, республикамиз бўйича кундузги оромгоҳ сифатида фаолият кўрсатиши учун мавжуд шароит ва қулайликларга эга бўлган 736 та таълим муассасаси танлаб олинди. Уларнинг 532 таси умумтаълим мактаби, 107 таси мактаб-интернат, 85 таси касб-ҳунар коллежи, 6 таси академик лицей, 5 таси эса мактабгача таълим муассасалари базасида ташкил этилди. Қолаверса, жойларда ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолиятини йўлга қўйиш масаласи ҳам қайта кўриб чиқилди.

Оромгоҳларда таълим-тарбия ишларини ташкил этиш, уларни малакали педагог-тарбиячилар билан таъминлаш бўйича махсус режа асосида иш юритилаётгани яхши самара бермоқда. Чунончи, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан ҳамкорликда мавсум давомида фаолият кўрсатадиган стационар оромгоҳларнинг 205 тасида жами 3753 нафар педагог кадрларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Айни пайтда ушбу эҳтиёжни қоплаш мақсадида тажрибали педагог кадрларнинг рўйхати шакллантирилди. Чет тили машғулотларини йўлга қўйиш учун оромгоҳлар ташкил этиладиган таълим муассасалари ва унга яқин атрофдаги мактабларнинг ўқитувчилари, стационар оромгоҳларга эса олий ўқув юртларининг чет тили факультетлари талабалари билан ҳамкорлик қилинади.

Шунингдек, педагог ходимлар учун жойлардаги ҳудудий малака ошириш институтларида қисқа муддатли курслар ташкил этилиб, оромгоҳларни маънавий-маърифий, таълим-тарбия йўналишларидаги шиорлар, кўргазмали воситалар билан безатиш бўйича тавсиялар белгиланди. Бундан ташқари, мавсум давомида ўқувчиларни ахборот-кутубхона маркази билан таъминлаш, уларнинг бадиий адабиётга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида ҳам муайян режалар белгиланди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан ҳамкорликда стационар оромгоҳларнинг кутубхоналарида қўшимча равишда 100 минг нусхага яқин болалар адабиётига бўлган эҳтиёж аниқланди. Мазкур масала ушбу муассасалар жойлашган ҳудудлардаги таълим даргоҳларининг ахборот-ресурс марказлари ва кутубхоналари фонди ҳисобидан ижобий ҳал қилинадиган бўлди. Кундузги оромгоҳларда дам олаётган болалар эса бевосита ўша муассасалардаги кутубхоналар фондидан фойдаланади.

Мавсум режасига асосан, болалар учун турли спорт-соғломлаштириш машғулотлари, кўрик-танловлар, фестиваллар ўтказилиши, табиат қўйнига, тарихий шаҳарлар, муқаддас қадамжоларга  саёҳатлар уюштирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, таътил давомида оромгоҳларга жалб этилмайдиган ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасида  ҳам аниқ тавсиялар ишлаб чиқилган. Унга кўра, таълим муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказларидаги тўгараклар, спорт майдонлари, кутубхона ва маънавият хоналарининг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу масканларда ўқувчиларнинг таътил кунларини мароқли ўтказишларига барча имконият яратилади.

Халқимизда “Яхши дам, меҳнатга ҳамдам” деган мақол бор. Агар ўқувчиларнинг ёзги таътили тўғри ташкил этилса, ўз-ўзидан аёнки, уларнинг янги ўқув йилида янада муваффақиятларга эришиши, шубҳасиз. Зеро, барча эзгу ҳаракатлар замирида фарзандларимизнинг она-Ватанга фидойи бўлиб камол топишларидек улуғвор мақсад мужассам. 

 

Дониёр ЭРМАТОВ,

Республика Халқ таълими вазирлиги 

«Баркамол авлод» болалар марказлари 

фаолиятини ташкил этиш шўъбаси мудири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn