Буюк шоирнинг илк ёд олган ғазали
  • 27 Январь 2018

Буюк шоирнинг илк ёд олган ғазали

Алишер Навоий ҳақида гап кетса, унинг болалик чоғиданоқ зеҳни ўткир бўлганлиги тилга олинади. Бинобарин, ҳар бир аллома қатори Навоийнинг болалик йилларига қизиқиш билан қаралишини инобатга олиб, шу хусусда сўз юритишни жоиз деб билдик.

Манбаларга таянадиган бўлсак, улуғ шоирнинг навниҳол даври ҳақидаги дастлабки маълумот Давлатшоҳ Самарқандий қаламига мансуб. Бироқ у жуда қисқа бўлиб, бўлажак шоирнинг Абулқосим Бобур саройидаги турмуши ва султон билан ораларидаги яқин алоқалар таъкидидан иборат. Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида шоирнинг болалик даврини муайян даражада ёритган. Кейинчалик Фахрий Ҳиротий, Заҳириддин Бобур, Сом мирзо Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро билан мактабдош бўлганлигини айтиб ўтганларида сўзсиз унинг асарига суянганлар. Шуни ҳисобга олиб, Давлатшоҳ ва Хондамир Навоий таржимаи ҳолининг умумий қолипини яратиб берган, деб айтиш мумкин. Қолганлар ўша даврнинг ўзидаёқ, озми-кўпми, аниқлик киритиб борганлар. Жумладан, Фахрий Навоийнинг Абулқосим Бобур хизматига кирганда ўн ёшда бўлганлигини таъкидласа, Сом мирзо Алишернинг Абулқосим вафотидан сўнг Машҳадда қолиб илм орттирганлигини тасдиқлаган.

Қўшимча сифатида Навоийнинг Паҳлавон Муҳаммадга бағишланган “Ҳолот”ида уларнинг дўстлигига қирқ йилга яқин вақт бўлганлиги баён қилинганини кўрсатиш мумкин. Агар асарнинг милодий 1493 йили ёзилганлигини эътиборга олсак, уларнинг дўстлиги тахминан милодий 1457 йилдан, яъни Алишернинг 16-17 яшарлигидан бошлангани ойдинлашади.

Давлатшоҳ Навоийнинг ёшлигидаёқ зуллисонайн ижодкор сифатида Абулқосим Бобурга манзур бўлганини қайд этган. Унинг маълумотига Фахрийнинг “Алишер ўн яшарлигида Абулқосим Бобур хизматига кирган” тарзидаги таъкидини қўшсак, Навоийнинг жуда эрта форсий ва туркий тилда бирдек ижод қилишга интилганлиги маълум бўлади. Навоийнинг Лутфий билан суҳбатида келтирилган 

Оразин ёпғоч кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш, 

Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш, —

матлаъли ғазали шоирнинг ўспиринликда ёзган туркий тилдаги ижоди намунаси эканлиги Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асари туфайли илмий истеъмолга киритилди. Афсуски, биз ҳозирги кунда унинг болалигида битган форсий шеърларидан намуналарга эга эмасмиз.

Албатта, унинг шеъриятга меҳр қўйиши ва ижодга кириб бориши масаласида, аввало, Алишер Навоийнинг ўзига мурожаат этиш мақсадга мувофиқ. Унинг асарларидан ёшлик даврига оид келтирилган маълумотларни топиб изчил тартибда саналаштирсак, болалик йиллари тасвирларидан энг олди сифатида катталар ҳузурида Қосим Анвор ғазалини ўқиб бергани ва бу пайтда 3-4 ёшларда экани маълум бўлади. Мазкур маълумотда шоир ушбу шеър биринчи ёд олган ғазали эканлигини эътироф этгани янада аҳамиятлидир. Кейингиси, Шоҳруҳ мирзо вафотидан сўнг Алишер оиласининг Ироққа (ҳозирги Эрон) кўчиши ва Тафт қишлоғида Шарафиддин Али Яздий билан учрашуви билан боғлиқ тафсилотлардир. Бу пайтда Навоий, ўз эътирофича, олти ёшда эди. Бошқа ўринларда болалигига тааллуқли ёш саналарини кўрсатмаган.

Умуман, Алишер Навоий илк болалик йиллариданоқ, ўз заковати, фикрлари ва одоби билан тенгдошларидан ажралиб турган. Бу эса халқимиз топиб айтганидек, бўладиган бола бошдан маълум эканлигининг ҳаётий далилидир.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn