«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил»
  • 19 Январь 2018

«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил»

Андижон давлат университетининг бир гуруҳ талабалари ушбу шиор остидаги дастур доирасида Фарғона вилоятининг Қува туманига саёҳат қилдилар.

— Аҳмад ал-Фарғонийнинг башарият илм-маърифатига, фан тараққиётига қўшган хизмати беқиёс, — дейди тарих фанлари номзоди Равшанбек Шамсиддинов. — Беш асрдан ошдики, унинг “Астрономия асослари” асаридан Европа давлатларида дарслик ва ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилади. Нил дарёси сув сатҳини ўлчаш учун яратган мосламаси айни пайтда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бугунги тадбир шу каби маълумотлар мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш ва Аҳмад ал-Фарғоний шахси, фаолиятини ўрганишга хизмат қилди.

Аллома дунёга келган Қува шаҳрида барпо этилган муҳташам мажмуада Аҳмад  ал-Фарғонийнинг ҳайкали гумбаз ичра бутун маънавият ва маърифат аҳлига юзланиб тургандек.

“Қува шаҳристони” қадимда Фарғона пойтахти — Ахсикент сингари чиройли ва катта шаҳар бўлган. 1956 — 1970 йилларда олиб борилган археологик қазишмалар жараёнида маълум бўлишича, масканнинг асосий арки Х аср охирларида бузилиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Шаҳар эса ХIII асргача сиёсий ва маданий марказ вазифасини ўтаган. У мўғуллар томонидан вайрон этилгунига қадар йирик кентлардан бири бўлган.

— Бу саёҳат билим ва тасаввуримизни бойитишга хизмат қилди, — дейди талаба Шерзод Назиров. — Жумладан, Қува шаҳрига сафаримиз чоғида Аҳмад ал-Фарғоний ва “Қува шаҳристони”нинг биз билмаган маълумотларидан воқиф бўлдик.

Турли корхона ва ташкилотларда самарали хизмат қилаётган бир гуруҳ андижонликлар айни пайтда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида Хоразм вилоятини зиёрат этмоқдалар.

Саминжон ҲУСАНОВ,

 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn