Қалб зийнати
  • 01 Октябрь 2017

Қалб зийнати

Навоийлик Лайло Каримова болалик давридаёқ касб борасидаги мақсадини аниқ белгилаб қўйган эди.

— Отам уйга вазифаларни тайёрлашда менга ёрдам берарди, — дейди у биз билан суҳбатда. — Ўрганганларимни эса яқин дугонамга ўргатардим. Шу тариқа менда ўқитувчиликка меҳр уйғонган бўлса керак.

Лайло 1994 йили Навоий давлат педагогика институтининг хорижий тиллар факультетини тугаллаб, қадрдон қишлоғи — Қизилтепа туманининг Бўстон маҳалласидаги 7-умумтаълим мактабига қайтди. Ўн олти йил шу мактабда ўқувчиларга рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди. Шу йиллар мобайнида оила қуриб, уч фарзандни вояга етказди. 2010 йилда эса турмуш ўртоғи ҳарбий бурчини Навоий шаҳрида давом эттириш тўғрисида буйруқ олди.

— Ўша йили нимагадир иш сўраб, бирор мактабга эмас, Меҳрибонлик уйига бордим, — дея давом этади Л. Каримова. — Рус тили ва адабиёти мутахассислигига эга тарбиячи-педагог керак экан, жамоага қабул қилишди.

Сиртдан қараганда, Лайло Каримованинг меҳнат фаолияти тенгдош ҳамкасблариникидан унчалик ҳам фарқ қилмайди. Бироқ айни фаолиятда оддий нигоҳларимиз илғамайдиган жиҳатлар борки, у қаҳрамонимизни ўқитувчиликдан устоз, тарбия-чиликдан она мартабасига етказди. Албатта, унинг ортида тинимсиз меҳнат заҳмати мужассам. Ана шу хизматлари туфайли у Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 27 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ватанимизнинг юксак мукофотларидан бири — “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Кун тушдан оққанда, осмонни булут қоплаб, кузнинг этни жунжиктирадиган илк ёмғири майдалаб ёға бошлади. Машғулотдан қайтган тарбияланувчи Зойир Қурбонов устоз-онасини қучоқлаб, мукофот билан қутлайди.

— Ёмғир кучайдими, дейман, — дейди она унинг юзидаги томчиларни меҳр билан сидираркан. — Дўстинг Тошпўлат мусобақага кетган, эгни енгил эди. ўизиллаб бориб, курткасини етказиб бер, кейин кечолди нонуштангни қиласан.

Сўнгра бизга юзланиб, давом этади:

— Тошпўлат билан Сергей бокс секциясига қатнайди. Бугун мусобақанинг ярим финалига чиқишган. Эрталаб иккови сизга совға қиламиз, деган эди. Сергей ютқазиб қўйибди. Тушликдан кейинги тамаддиниям қилмабди. Ҳали сизларни кузатай, кейин овутиб оламан.

Лайло Каримованинг фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими, бу сингари меҳр-муҳаббатни улашиш унинг кундалик одатига айланган. Муассасада тарбиячи ва тарбияланувчи ўртасида меҳр бўлсагина, у чинакам оилага айланишини доимо шогирдларига уқтиради.

— Самимий қалб фазилатига эга тарбиячигина болалар учун она даражасига эришади, — дейди Меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Нигора Тошназарова. — Лайло опа жамоамизнинг ана шундай тарбиячиларидан бири. У бир неча йиллардан буён муассасамизнинг тарбиячилари ўртасида услубий кенгаш раиси ҳам ҳисобланади. Нимадир маслаҳат керак бўлса, доим улардан сўраймиз.

Дарҳақиқат, юксак самимиятга эга инсон меҳрга ташна қалбларда бағрикенглик, мурувватлилик каби туйғуларни улғайтира олади. Уларнинг маънавий дунёсини бойитади. Қаҳрамонимиз Лайло Каримова ана шундай ажойиб инсон эканлигига амин бўлдик.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn