«Ниҳол»нинг янги совриндорлари
  • 26 Август 2017

«Ниҳол»нинг янги совриндорлари

Энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 26 йиллик шодиёналари арафасида “Ниҳол” мукофотининг ғолиб ҳамда совриндорлари аниқланди. Кеча пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида мазкур мукофотни топшириш маросими ва гала-концерт бўлиб ўтди.

Унга тегишли вазирлик ҳамда идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, санъат ихлосмандлари таклиф қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида, юксак маънавий фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш мақсадида мусиқа санъатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бинобарин, давлатимиз томонидан ёш авлодга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликлар туфайли билими, истеъдодини намоён қилиб, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш истагидаги ўғил-қизлар сафи тобора кенгайиб бораяпти.

2006 йилдан буён “Ниҳол” мукофотининг саралаш тизими уч босқичда ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги иқтидорларни ҳам қамраб олишдан иборатдир. 

Ижодий беллашувнинг туман (шаҳар) саралаш босқичлари 2016 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ўтказилганди. Унда 13 мингдан ортиқ ижодкор йигит-қиз ўз истеъдодини намойиш этди. Энг муносиб деб топилганлар танловнинг республика босқичида мумтоз қўшиқ, мусиқа ижрочилиги, эстрада, опера ижрочилиги, рақс санъати йўналишларида ўз ижодий салоҳиятларини намоён қилдилар.

...Ҳаяжонли дамлар бошланди. Гулдурос қарсаклар остида “Ниҳол”нинг янги ғолиблари номи эълон қилинди. Йигирма нафар ёш ижрочига диплом ва мукофотлар тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида имзоланган меморандумга биноан, “Ниҳол”нинг янги совриндорлари бир йил мобайнида ўз қўшиқларини телерадиоканалларда эфирга бепул узатиш, аудиостудияларда имтиёзли асосда мусиқа ёзиш имкониятига ҳам эга бўлдилар.

— Бундай юксак рағбат бизни доимий изланишга, билдирилган катта ишончни оқлашга ундайди, — дейди “Ниҳол” мукофотининг мусиқа ижрочилиги йўналиши совриндори Меҳринигор Абдурашидова. — Кўрсатилаётган улкан эътибор учун жуда миннатдормиз.

ўолибларни тантанали тақдирлаш маросимида санъат усталари ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ижросида концерт дастури намойиш қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева сўзга чиқди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn