«Кейинги бекат»да ҳаёт манзаралари
  • 18 Август 2017

«Кейинги бекат»да ҳаёт манзаралари

Ҳаёт сўқмоқлари ранг-баранг ва мураккаб, гўё ҳаракатланаётган поездни эслатади. У ёруғ ва қоронғи бекатлар бўйлаб боради. Қайси бекатда тушиб қолиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. 

Мана шундай ғоя “Театр” журнали бош муҳаррири А. Турдиев сценарийси асосида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги режиссёри Д. Шокиров томонидан суратга олинган ўқув-тарбиявий фильмда акс этган. У Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда яратилган. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида мазкур ўқув-тарбиявий фильмнинг тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда ўсмирларнинг билиб-билмай боши берк кўчага кириб қолиши, бепарволик, масъулиятсизлик билан амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлари охир-оқибат фожиавий якун топиши ҳақида ҳикоя қилинади. Айни чоғда қатъий бир қарорга келиб, тўғри йўлни танлаш зарурлиги уқтирилади. Шунингдек, ёшларнинг интернет-клубларда қандай вақт ўтказаётгани, вояга етмаганлар билан боғлиқ жиноятчилик ҳолати ва турлари хусусида мутахассислар фикр-мулоҳазалари ҳамда психологлар изоҳлари акс этган кадрлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.  

Тақдимот иштирокчилари ўқув-тарбиявий фильм вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлашди. 

— “Кейинги бекат” фильми барча таълим муассасаси, меҳнат жамоаларида намойиш этилади, — дейди Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Г. Раҳимова. — Фильмни телевидениеда, қолаверса, энг чекка ҳудудларда намойиш этиш режалаштирилмоқда. Унинг ўқув муассасаларида таҳсил олаётган, уюшмаган ёшлар, ота-оналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари иштирокида кенг жамоатчилик муҳокамасини ташкил қилиш ҳам кўзда тутилмоқда. Айтиш жоизки, Бош прокуратурада фильмларни, шу жумладан, бадиий, ҳужжатли, ижтимоий роликларни яратиш борасида катта тажриба тўпланган. Мазкур иш жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда, жамиятда қонунийлик ҳамда ҳуқуқий тартиботни таъминлашда муҳим ўрин тутади. 

З. ИСМОИЛОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn