Болаларга китоблар тарқатилмоқда
  • 26 Июль 2017

Болаларга китоблар тарқатилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан қишлоқ жойлардаги мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3 — 6 ёшли фарзандлари бўлган оилаларга 7 номдаги китоблар бепул тарқатилмоқда.

Ушбу тўпламга қизиқарли эртак ва шеърлар жамланган бўлиб, ҳар бир ижод намунасидан сўнг берилган савол ҳамда топшириқлар кичкинтойларнинг асар ғоясини чуқурроқ англаши, воқеа-ҳодисалар ҳақида мулоҳазаларини эркин ифодалай олиши, мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришига ёрдам беради.
Китоблар тўплами биринчи босқичда 200000, иккинчи босқичда 153000 оилага тарқатилади. Шу мақсадда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари томонидан оилаларнинг рўйхати шакллантирилди. Бунда улардаги мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3 — 6 ёшли болалар сони, оила жойлашган маҳалланинг туман марказидан узоқлиги, кам таъминланганлиги каби жиҳатлар ҳисобга олинди.
Китоблар оилаларга энг яқин жойлашган мактабгача таълим муассасалари орқали тарқатилади. Бунинг учун республика бўйича 2144 та боғча танлаб олинди. Тегишли тавсияномага кўра, тўплам муассасада тузилган ишчи гуруҳ томонидан берилади. Лойиҳага кўра, мактабгача таълим муассасаси педагоглари ҳар ойнинг белгиланган кунлари болалар билан учрашиб, китоблардан тўғри фойдаланиш бўйича машғулотлар ўтказади.
Айни пайтда китобларни оилаларга тарқатиш жараёни бошланди.


Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ.




Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn