Жаҳон тамаддунининг муҳим ҳалқаси
  • 19 Июль 2017

Жаҳон тамаддунининг муҳим ҳалқаси

Юртимиз — кўплаб машҳур олимлар, диний уламолар, муҳаддислар камол топган замин. Уларнинг меросини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш эса ёшларимизнинг билимини бойитиб, тўғри тарбия топишларида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Президентимизнинг жорий йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимизнинг айни дилидаги гап бўлди. Зеро, бу ҳужжат мамлакатимизда олиб борилаётган изчил сиёсатнинг яна бир амалий тасдиғидир.

Очиғини айтиш керак, бугун юртимизнинг ҳар бир фуқароси тезкор ўзгаришларга, хайрли ҳаракатларга дахлдорлигини ҳис қилмоқда. Илгари катта муаммодек туюлган масалалар бир зумда ҳал этилаётгани одамларда эртанги кунга ишонч уйғотаяпти. Узоққа бормай, биргина маънавий ислоҳотларни ҳаётга жорий этишга қаратилган воқеликларни эслайлик. 2016 йилнинг октябрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда ўтказилган 43-сессиясида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини тузиш тўғрисидаги таклифни илгари сурган эди. Шу йилнинг 14 февралида Президентнинг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 21 апрель куни Юртбошимиз пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида  Олмазор туманида бўлди. Жумладан, Имом Термизий жоме масжиди билан ҳам танишиб, Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида Ислом маданияти марказини ташкил этишдек эзгу  мақсадни билдирди.
Ушбу ташрифларда айтилган фикрларни эшитиб, ҳужжатларда қайд этилган вазифаларни ўйлаб тўлқинланиб кетасан, киши. Чунки уларнинг замирида улкан алломаларимиз мероси билан  фахрланиш туйғусидан ташқари, ота-боболаримизнинг ҳаётий ибратларини, олтинга тенг ҳикматларини тарғиб этишга қаратилган фарзандлик бурчи мужассам. Бинобарин, 21 май куни давлатимиз раҳбари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида қатнашди. Ташриф давомида Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажар билан музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро тадқиқот марказини тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзолангани яна бир муваффақиятдир. Худди шунингдек, 8 — 9 июнь кунлари Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг саммитида нутқ сўзлаб, хусусан, Самарқанд шаҳрида  Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўмагида Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
Ана шу саъй-ҳаракатларни ўзига хос тизимлилик боғлаб турибди. Бу мамлакатимизда ислом қадриятларига муносабатнинг изчил асосда янги поғонага кўтарилаётганидан далолат беради.  Ислом динининг илдизи араб диёрида бўлса ҳам, унинг шохлари Мовароуннаҳрда гуркураган, деган қараш бор. Бу бежиз айтилмаган. Аждодларимиз муқаддас динимиз равнақига улкан ҳисса қўшди. Олти буюк муҳаддиснинг икки нафари юртимиздан етишиб чиққани, ислом оламида Қуръони каримдан кейин турадиган муқаддас китоб — Имом Бухорий тузган “Саҳиҳи Бухорий” номи билан машҳур ҳадислар тўплами экани ҳам шундан далолат беради.
Айни сабабдан  Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори улкан аҳамиятга эга. Ундаги муҳим жиҳатлардан бири мана бу жумлада аниқ-тиниқ ифодаланган: “Улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда бутун маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки бўлиб, бу бебаҳо бойлик янги ва янги авлодлар учун донишмандлик ва билим манбаи, энг муҳими, янги кашфиётлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир”.
Очиғини айтганда, мустақиллик бизга бу ғояни ана шу тарзда қатъий қилиб қўйиш имконини берди.
Айни вақтда таъкидлаш лозимки, мазкур бетакрор илмий мероснинг барча қатлами ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Биргина мамлакатимиз китоб фондларида асосий қисми ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда.
Энг муҳими, ушбу бебаҳо меросни изчил ва теран ўрганиш алалоқибатда оламшумул янгиликларга йўл очади. Бинобарин, бу эзгу интилишлар замирида ҳам юксак маънавият барқ уриб турибди.


Султонмурод ОЛИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn