Китобдан яхшироқ дўст йўқ
  • 10 Июль 2017

Китобдан яхшироқ дўст йўқ

Инсон қўли билан яратилган энг буюк мўъжиза бу — китоб. Оламшумул кашфиётлар, одамзод оғирини енгил, мушкулини осон этган ихтироларнинг юзага келишида ҳам унинг хизмати катта.

Китобхонлик халқимизнинг азалий қадриятлари сирасига киради. Таъбир жоиз бўлса, мутолаа иштиёқи миллатимизнинг етмиш икки томирида оқаётир. Биз ҳамиша китобни кўз қорачиғидек асраб-авайлаганмиз, маърифат нурини тарқатувчи -зиёлиларни эса бошимизга кўтарганмиз. 

Инсониятнинг ноёб маънавий бойликлари сифатида эътироф этилган Ўрхун–Энасой ёзувлари, юртимизнинг турли ҳудудларидаги ғорлардан топилган тошбитиклар, кўҳна Афросиёб деворидаги муҳташам суратлар миллатимиз ҳамиша илму фан машъаласини баланд тутиб келганидан далолат беради. Тамаддун бешикларидан бири бўлмиш Самарқанд дунёда қоғоз кашф этилган дастлабки шаҳарлардан экани ҳам бежиз эмас.

Дарҳақиқат, азал-азалдан бу миллатнинг қадди китоб билан рост бўлиб келган. Хоразм вилоятида “Авесто” китобига, Фарғонада эса “Ал-Ҳидоя” асарига ёдгорлик ўрнатилгани маълум. Назаримизда, бу икки ёдгорлик номи зикр этилган китобларгагина эмас, миллатимиз йўлини маёқ каби ёритган барча маънавият дурдоналарига қўйилган ҳайкалдир. 

Дарё суви гоҳо жўшқин, гоҳо сокин оққани каби кейинги йилларда халқимизнинг мутолаага, китобхонликка муносабати бир оз сусайгандек эди. Айрим юртдошларимиз кундалик ташвишлар билан андармон бўлиб китобхонликни унутиб қўяёзган, яна айримлари эса моддий бойлик кетидан югуриб мутолаага иккинчи даражали юмуш сифатида қарай бошлаганди. Табиийки, бу ҳол жаҳон фани бешигини тебратган улуғ алломаларнинг ворисларига асло ярашмас эди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эса халқимизнинг мутолаа маданиятини юксалтириш, маънавият жабҳасидаги муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш, миллатимизнинг том маънода ўзини таниши йўлида катта қадам бўлди. Мазкур фармойишни кенг жамоатчилик, хусусан, маънавият фаоллари, илм-фан намояндалари ва ижодкорлар чуқур мамнуният билан кутиб олгани боиси ҳам шу. 

Тарих — улуғ мураббий. Икки дарё оралиғига саноқсиз лашкари билан бостириб келган Александр Македонский “Авесто” китобини гулханга ташлашга амр этган эди.  Ёки яқин ўтмишимиздан бир мисол. Ўтган асрнинг 30-йилларида қатағон сиёсатини юритган “қизил империя” вакиллари халқимизнинг асл фарзандлари қаламига мансуб бебаҳо китобларни ўтда ёққанди. Турли даврларда ҳукм юритган мустамлакачиларнинг китобдан бунчалик қўрққани боиси нима? 

Гап шундаки, китоб мудроқ қалбларни уйғотиб, улуғ ишларга сафарбар этувчи қудратли маънавий кучдир. Давлатимиз раҳбари жамият тараққиётининг муҳим масалалари қаторида биринчилардан бўлиб китобхонликка эътибор қаратганини ҳам ана шу жиҳат билан изоҳлаш жоиз. 

Китоб ҳамиша инсоният учун бебаҳо маънавий бойлик, қудрат тимсоли бўлиб келган. Расталарда китоблар сероб, лекин уларнинг барчаси ҳам маънавий юксалишимизга хизмат қилмоқдами? Сирасини айтганда, китобларни танлаб, саралаб ўқиш салоҳиятига эгамизми?

Ахборот асрида китоб, кези келганда, ҳарбий аслаҳалардан-да кучлироқ таъсирга эга бўлаётир. Бугун дунё фикр аҳли мисли кўрилмаган  муаммо билан юзланмоқда. Эзгу ниятли инсоният асрлар давомида асраб-авайлаб келаётган миллий ва диний қадриятларни кунпаякун этувчи “асар”лар минглаб ададда чоп этилиб, дунё бўйлаб тарқатилмоқда. Бутун жаҳонни қамраб олган глобаллашув жараёнидан мамлакатимиз ҳам четда бўлиши мумкин эмас. Маънавий илдизларимизга болта уришга қаратилган, “оммавий маданият”, диний экстремизм ғоялари билан суғорилган матбаа нашрларини четдан мамлакатимизга турли йўллар билан олиб киришга уринишлар ҳар бир зиёлида хавотир уйғотмай қолмайди. Хўш, эзгулик ниқобидаги ёвузлик, санъат ниқобидаги саноатга қарши қандай курашиш мумкин?

Демак, мутолаага ўргатиш жараёнида ёшларимизда оқдан қорани, яхшидан ёмонни ажратиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.

Cиртдан қараганда, китобхонлик, мутолаага меҳр қўйиш шахсий-ихтиёрий ҳодисадек кўринади. Аслида эса бу жамият тараққиётини белгиловчи ижтимоий вазифалар сирасига киради. Бизнингча, ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, энг аввало, ота-она зиммасидаги муҳим бурчдир. Бу ўринда Конституциямизда ота-она зиммасига фарзанд таълим-тарбияси бўйича мажбурият юкланганини эслаб ўтиш жоиз. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда эса, “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб, иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”.

Умуман, фармойишда белгиланган эзгу вазифаларни амалга оширишда таълим масканлари, нашриёт ва оммавий ахборот воситалари, ижодий уюшмалар, маънавият муассасалари, нодавлат ташкилотлар, маҳалла — бутун жамият бир ёқадан бош чиқариб саъй-ҳаракат қилмоғи талаб этилади. 

Инсон учун китобдан яхшироқ дўст йўқ. Унинг камолоти учун мутолаадан афзалроқ машғулот йўқ. Дунёнинг турфа матоҳлари, ялтир-юлтурлари ақлу ҳушимизни ўғирлаётган бугунги долғали замонда ана шу ҳақиқатни унутиб қўймайлик. 

Жаҳон фани ривожига бемисл ҳисса қўшган аждодларимиз шу қадар бой маънавий мерос қолдирганки, орадан неча аср ўтган бўлса-да, юзлаб ноёб қўлёзмаларни ҳали тадқиқ этиб улгурмадик. Маънавият дурдоналарини муқаддас омонат ўлароқ келгуси авлодларга тўкис етказиш, боз устига, уларни янада бойитиш бизнинг бурчимиздир.

Нодир ҚОСИМОВ,

Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари вазифасини бажарувчи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn