Ўзбек шарқшунослари халқаро конгрессда иштирок этди
  • 07 Июль 2017

Ўзбек шарқшунослари халқаро конгрессда иштирок этди

Жорий йилнинг 21 — 23 июнь кунлари Россия Федерациясидаги Санкт-Петербург давлат университетининг Шарқ факультетида “Осиё ва Африка мамлакатлари манбашунослиги ва тарихшунослиги. Осиё ва Африка: мерос ва замонавийлик” мавзуида XXIX  Халқаро конгресс бўлиб ўтди. Унда 15 га яқин давлатлардан шарқшуносликнинг турли соҳаларида фаолият олиб борувчи 450 дан ортиқ мутахассислар қатнашди. Жумладан, биз ҳам мазкур йирик илмий анжуманда иштирок этдик.

Уч кун давом этган конференция йиғилишлари шарқшуносликдаги янги илмий ахборотлар, қизиқарли ва фойдали баҳс-мунозаралар, маърузаларга бой  бўлди. Фаол иштирокчилар қаторида Ўзбекистон шарқшунослари делегацияси ҳам ташкилий қўмита томонидан алоҳида эътироф этилди. Анжуман мобайнида биз қатнашчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда имзоланган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳақида гапириб бердик. Хорижлик мутахассислар мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларга юксак баҳо бериб, унинг ижросида бу каби илмий анжуманлар ва адабий, илмий келишувлар катта аҳамият касб этишини таъкидлашди. 

Шунингдек, илмий сафар давомида Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти фондида сақланаётган араб, форс ва туркий тиллардаги айрим қўлёзма манбалар билан ҳам танишдик. Бажараётган диссертация ишимизга оидларидан нусхалар олдик. Улар орасида Абу Наср Форобий, Замахшарий, Абу Али ибн Сино, Фарғоний, Хоразмий, -Бухорий, Термизий каби машҳур алломаларимиз асарларининг қўлёзмалари мавжудлиги алоҳида эътиборимизни тортди. Мазкур қўлёзмалар билан таниша туриб, улардан фотонусхалар олиб келиб, Ўзбекистонда ва дунёнинг бошқа фондларида сақланаётганлари билан қиёслаб ўрганиш, бой маънавий, илмий меросимизни халқимизга тўла-тўкис етказиш вақти келганлигини теранроқ англадик. Шарқ факультети профессори М. Суворов билан қўлёзмаларни ўрганиш борасидаги тадқиқотлар ҳақида суҳбатлашганимизда, у ҳозир Санкт-Петербург шарқшунослик мактабида ёш олимлар орасида қадимий қўлёзмалар бўйича тадқиқот олиб бориш бир оз сустлашганини таъкидлади. Бу йўналишдаги ишларни жадал ривожлантириш учун ўзбек шарқшунослари  билан илмий алоқаларни янада фаоллаштириш борасидаги таклифимизни ҳамкасбларимиз мамнуният билан қабул қилдилар ва айни йўналишда мақсадларимиз муштарак эканлигини қайд этдилар. Ўзаро музокаралар натижасида яқин кунларда Санкт-Петербург давлат университети Шарқ факультети ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўртасида илмий ҳамкорлик бўйича меморандум лойиҳаси ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилиши ҳақида келишиб олинди. 

Ҳулкар СУЛАЙМОНОВА,

Тошкент давлат

шарқшунослик институти 

«Хорижий шарқ

мамлакатлари адабиёти»

кафедраси изланувчиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn