Адабиёт — маънавият дурдонаси
  • 06 Июль 2017

Адабиёт — маънавият дурдонаси

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда мустақиллик даври маънавияти ривожида “Жаҳон адабиёти” журналининг тутган ўрни ва аҳамияти” мавзуида анжуман ташкил этилди. Мазкур нашрнинг 20 йиллиги муносабати билан уюштирилган халқаро илмий-амалий конференцияда мамлакатимиздаги давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, ёзувчи ҳамда шоирлар, адабиётшунослар, таржимонлар, ёш ижодкорлар қатнашди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда китобхонлик маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ва тарбиявий адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтириш йўлидаги ислоҳотлар, аввало, ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук инсонлар қилиб тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. 

Ана шундай эзгу ишлар доирасида “Жаҳон адабиёти” журнали халқимизни дунё адабиётининг энг сара намуналари билан таништириш, китобхонлик муҳитини яхшилаш, ўзбек таржимонлик мактабини ривожлантириш ва адабиётимизни янги ижодий тажрибалар билан бойитишга ҳисса қўшиб келмоқда. 

Мазкур нашр йигирма йил аввал — 1997 йил 27 февралда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ташкил этилган. Бу янгилик мамлакатимиз маънавий-маданий ҳаётида тарихий воқеа бўлган эди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Озод Шарофиддиновнинг фидокорона хизматлари, жонкуярлиги ва ташкилотчилиги билан қисқа фурсатда таҳририятда таниқли таржимонлар, адиблар, мунаққидлар жам бўлган, уларнинг самарали меҳнати натижасида мазкур журнал нуфузли нашрга айланди. Ўтган даврда журналнинг 240 сони босилди. Уларда 100 дан ортиқ романлар, 200 дан зиёд қиссалар, мингдан ортиқ ҳикоя ва новеллалар, мингга яқин ижтимоий-фалсафий, адабий-бадиий, илмий-назарий мақола ҳамда эсселар эълон қилинди. Энг муҳими, журналда чоп этилаётган мақолалар ва асарлар ўқувчилар, зиёлилар томонидан муносиб кутиб олинмоқда. 

Конференцияда бадиий тафаккуримиз юксалишида “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни, дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш муаммолари каби мавзуларда маърузалар тингланди. 

М. ЎРОҚОВ.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn