Учқудуқда мусиқали фаввора
  • 06 Июль 2017

Учқудуқда мусиқали фаввора

Учқудуқ тумани марказида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари саҳро бағридаги ушбу ҳудуд кўркига кўрк қўшмоқда. Натижада бу ерда истиқомат қилаётган аҳоли учун замонавий қулайликлар яратилаяпти.

Яқинда туман марказида яна бир иншоот — мусиқали фаввора қуриб битказилди. Навоий кон-металлургия комбинати томонидан қарийб 350 миллион сўм сарфланган фаввора сув оқими, чироқлар ва мусиқа уйғунлигида гўзал манзара ҳосил қилади, айланаси эса 20 метр. 7 метр баландликка сув пуркаш қувватига эга.

— Фавворанинг турли рангларда жилоланиб, кўкка отилиши аҳолининг чексиз қувончига сабаб бўлди, —  дейди учқудуқлик Нилуфар Муйдинова. — Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тўйига тайёргарлик кўраётган бўлсак-да, байрам тантанаси бугундан бошланди, десак, айни ҳақиқат.

Фавворани кузатаркансиз, оҳангларга мос “ўйнаётган” сув ажиб бир санъат асарини кўз олдингизда намоён этади, гўёки етти хил рангда товланаётган сув заррачаларини моҳир дирижёр бошқараётганга ўхшайди. Ён-атрофдаги ўриндиқлар ва декоратив кўринишга эга ёритқичлар ушбу масканга ўзгача тароват бағишлаган.

— Энди ҳар куни набираларим билан томошага келаман, — дейди учқудуқлик онахон Гулнора Шукурова. — Болаларнинг беғубор кулгисини уйғотадиган, дилини яйратадиган маскан бўлибди бу жой. Йигирма саккиз йил Қизилқум бағридаги шаҳарда истиқомат қилиб, бундай ҳузурбахш манзарани кўрмаганман. 

Шаҳардаги “Орзу” истироҳат ва дам олиш боғида ҳам гўзал фавворалар бунёд этилди. Шунингдек, 51 гектардан зиёд майдон кўкаламзорлаштирилди, 44 гектар яшил майсазор барпо қилинди, гул ва дарахт кўчатлари ўтқазилди. Умуман, Қизилқум гавҳари ҳисобланган Учқудуқ янада обод масканга айланиб бормоқда.

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn