Табиатга муҳаббат уйғотувчи боғ
  • 13 Июнь 2017

Табиатга муҳаббат уйғотувчи боғ

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида янги экологик боғ очилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан фаолияти йўлга қўйилган ушбу масканга буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилди.

Унинг очилишига бағишланган маросимда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир ҳамда ёзувчилар, ёшлар қатнашди. Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, она-табиатни асраб-авайлаш, унинг бебаҳо неъматларидан оқилона фойдаланиш, навқирон авлоднинг экологик маданиятини ошириш, ўқувчиларнинг таълимдан ташқари бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Боққа қадам қўйган заҳотингиз бу ердаги кўркам манзарадан, гўзалликдан ўзгача таассурот ола бошлайсиз. Турфа хил гуллар аллеяси бўйлаб юрар экансиз, кайфиятингиз янада кўтарилади. Мовий сув билан тўла оролча бўйидаги ўриндиқда бир лаҳза ҳордиқ чиқаришнинг ўзи алоҳида ҳузур бағишлайди. Табиатга меҳр-муҳаббатингиз янада ортади.

Кумушранг айлана шаклидаги антиқа фаввора эса ҳудудда микроиқлим ҳосил қилган. Унинг юқори қисмидан тушаётган сув ёмғирни эслатади. Умуман, табиий материаллар асосида ўрнатилган ҳар бир аксессуарда ландшафт дизайнининг янги қирралари ифодасини топган.

Экологик боғ майдони 12 гектарга тенг. Бу ерда нафақат ҳордиқ учун шароит яратилган, балки соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга ҳам аҳамият берилган. Масалан, очиқ осмон остида йога билан шуғулланиш, тренажёрда машқ қилиш, бадминтон, теннис, пляж волейболи, минифутбол ўйнаш мумкин. Велосипед йўлакчаси, болалар майдончаси эса ҳозирданоқ кичкинтойлар билан гавжум.

Ушбу боғнинг шакл-шамойили билан шуғулланган “Design House” дизайн-студияси раҳбари Любовь Сафронованинг айтишича, бу ердаги барча қурилма, сув ҳавзаси соҳиллари, майдончалар учун экологик тоза қурилиш материаллари, яъни шағал, ёғоч, махсус металл симлар билан зирҳланган тошлардан кенг фойдаланилган.

Бобур номидаги Тошкент марказий экобоғининг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов иштирок этди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn