“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида ўтказилаётган учрашувларда таниқли ёзувчи ҳамда шоирлар, олимлар, кино ва театр актёрлари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари қатнашаяпти.
Асосий мақсад Президентимизнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобида илгари сурилган ғояларни одамларга ҳаётий мисоллар орқали етказиб беришдир. Юзма-юз мулоқотлар чоғида, шунингдек, ёшларни умуминсоний ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилаётир.
Тарғибот гуруҳининг дастлабки тадбири ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб ўтди. Унда она-Ватан, тинчлик, дўстлик, юртга садоқат каби мавзуларда сўз борди. Куй-қўшиқлар янгради.
— Таниқли санъаткорлар билан учрашув бизни бениҳоя тўлқинлантирди, — дейди ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган Фаёз Шодмонов. — Бундай анжуманлар юрагимизда фахр-ифтихор ҳиссини жўш урдиради, юртимизга муҳаббати-мизни янада кучайтиради.
— Тадбир доирасида Бухоронинг энг чекка гўшаларида бўлиб, учрашув, давра суҳбатлари, томошалар уюштирдик, — дейди тарғибот гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева. — Ёшларнинг қизиқишлари, интилишларини ҳис этиб, қувондик. Бухоро азал-азалдан маънавият, маърифат бешиги бўлиб келган. Одамлар билан мулоқотлар чоғида билдикки, улар шундай учрашувларни соғинган. Халқимизнинг маънавий эҳтиёжини қондиришга ҳисса қўшиш эса мароқли, албатта.
Тўрт кун давом этадиган мазкур тадбирлар давомида фотокўргазмалар, шунингдек, спорт мусобақалари ўтказилиб, хайрия акциялари ташкил қилинади.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.