Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият
  • 29 Апрель 2017

Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият

Инсон хотира билан яшайди. 

Зеро, хотира хаёлан мозийга назар ташлаб, тарих саҳифаларини варақлашга, она-Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз озодлиги йўлида жонини фидо этган асл фарзандларни, жасур сиймоларни эслашга, ўтмишдан хулоса чиқариб, тинч-осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб, барқарорликни ардоқлаб умр кечиришга туртки беради.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эзгу анъана ҳамда урф-одатларимизга ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир. Бинобарин, халқимизда ўтганлар руҳини шод этиш, қарияларни эъзозлашга муқаддас бурч сифатида қаралади. Аждодларни хотирлаш, эзгу ишларини ёдга олиш, қолаверса, бу ёруғ дунёда умргузаронлик қилиб, кексалик гаштини сураётган фахрийларимизни ардоқлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, маънавий дунёсида чуқур илдиз отган қадриятлардан ҳисобланади. Ушбу олижаноб фазилатлар мустақиллик йил-ларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 1999 йилдан бошлаб 9 май мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келинаётгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Эзгулик ва инсонийликка йўғрилган ушбу умумхалқ байрамимиз мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида ўлкамизни қаҳрамонона ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва халқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар хотирасига бағишланган.

Бугунги кунда халқимизнинг муқаддас зиёратгоҳига айланган, пойтахтимиздаги Хотира майдонида ўрнатилган “Мотамсаро она” ҳайкали эса мазкур сана нишонланишининг асл руҳини ифодалаб турибди. Ўтганларни ёдга олиш, хотирлаш, уларнинг охирати обод бўлишини сўраш айнан Мотамсаро она сиймоси орқали намоён бўлмоқда. Чексиз қайғуга чўмган онаизор тимсолида жигарбандининг тирик эканига, унинг эсон-омон ўз бағрига қайтишига умид қилиб ўтган минг-минглаб оналарнинг тақдири, уларнинг соғинч ва изтироб туйғулари акс этган.

Хотира майдонида миллий услубда бунёд қилинган пешайвонлардаги лавҳаларда ўша мудҳиш урушда ҳалок бўлган барча юртдошимизнинг номи зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Бу уларнинг жасорати ва матонатини улуғлаш, уруш фожиаларидан сабоқ чиқаришга қаратилган. 

Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган бўлса, шундан 1,5 миллион нафари, яъни қурол кўтаришга қурби етган одамлар урушда қатнашган. Уларнинг орасидан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлгани, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани айни ҳақиқат.

Халқимизнинг фашизмга қарши кураши, фронтларда кўрсатган жасорати, диёримизда матонатли меҳнат қилгани ва берилган юз минглаб қурбонларни абадул-абад ёдда тутиш мақсадида ҳар йили Хотира ва Қадрлаш кунини нишонлаймиз. Ҳозир ҳам орамизда урушдан омон қайтган, фронт ортида меҳнат қилган нуронийлар бор. Ҳаётнинг бутун оғирликларини ўз елкаларида кўтариб ўтган бу инсонлар янги авлодларнинг миннатдорлигига сазовор бўлмоқдалар, десак, муболаға эмас. 

Зеро, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёши улуғ ҳамюртларимиз, уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, ижтимоий ҳимоялаш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда кўплаб сиҳатгоҳлар, шифохоналар барпо этилаяпти, мавжудлари капитал реконструкция қилиниб, таъмирланаётир. Тиббиёт масканлари, поликлиникалар, Саховат ва Мурувват уйларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур жиҳозлар ҳамда ускуналар, тиббий воситалар билан таъминлашга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу сингари эзгу юмушлар букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш — одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.

Ёши улуғ ҳамюртларимиз жамиятимизда тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват муҳитини мустаҳкамлаш, маҳаллалар фаолиятини янада ривожлантириш, ёшлар онги ҳамда қалбида ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришда фаол иштирок этмоқда. Нуроний отахон ва онахонларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, турли жабҳалардаги фидокорона фаолияти ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат, умрбоқий анъана ҳамда қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўл-моқда.

Энг асосийси, юртимизда тинчлик ҳамда осойишталик баробарида, инсон хотираси ва қадрининг шундай юксак даражада улуғланаётгани фарзандларимиз учун тенгсиз сабоқ ҳамда муносиб ибратдир. Буларнинг барчаси Ўзбекистон истиқлол йилларида том маънода инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати улуғланаётган давлат эканлигини кўрсатади. 

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,

«Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директор ўринбосари,

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бебаҳо меросимиз эъзози «Фавворалар сайли» »