Бебаҳо меросимиз эъзози
  • 29 Апрель 2017

Бебаҳо меросимиз эъзози

Жонажон юртимизда тинчлик, осойишталик, осудалик, барқарорлик ҳукм сурмоқда. Диёримизда кундан-кунга ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиёт кузатилаяпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган эзгу ишлар, ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда.

Биргина миллий ва диний қадриятларимизга қаратилаётган эътиборни оладиган бўлсак, буюк аждодларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг номларига мажмуалар, илмий марказлар, зиёратгоҳлар барпо этиш, бебаҳо илмий меросларини ўрганиш, она тилимизга таржима қилиш каби хайрли ишларни жадаллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан қатор қарорлар қабул қилинаётгани халқимиз ҳамда дунё жамоатчилигининг таҳсину эътирофларига сабаб бўлмоқда.

Яқинда Президентимиз Самарқанд вилоятига ташриф буюрдилар. Ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадидаги ушбу ташрифлари асносида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ёдгорлик мажмуини ҳам зиёрат этдилар. Бу табаррук маскан ёнида яна бир зиё манзили — Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази лойиҳасини муҳокама қилиш баробарида, ушбу марказ Имом Бухорий ва бошқа алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросларини ўрганиш, уларни изоҳли таржима қилиш, маҳаллий ва хорижий кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзма асарларнинг электрон нусхаларини тўплаш ҳамда уларни нашр этиб, халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланиши назарда тутилаётгани ҳақида батафсил тушунча бердилар.

Давлатимиз раҳбари биз билан суҳбатда илмий-тадқиқот марказларида қандай ишларни бажариш лозимлиги ва умуман, диний ташкилотлар саналмиш масжидлар, мадрасалар, қироатхоналар, олий таълим муассасалари, нашриёт ва бошқа маънавий муассасаларда илмий ходимларга лозим бўладиган вазифаларгача кўрсатиб ўтдилар. Ҳатто буюк аждодларимиз яшаган даврларда таълим-тарбия, қироат ва хаттотлик санъати, “Устоз — шогирд” анъаналари, дарс бериш услублари каби жиҳатларни ҳам алоҳида таъкидладилар.

Яна бир қувончли янгилик шу бўлдики, Президентимиз пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ислом тараққиёт маркази ташкил этилишини айтдилар. Унда ҳам илмий тадқиқот ишлари олиб борилиши билан бирга, махсус залда юртимизда ўтган барча аллома, азиз-авлиё ва мутафаккир олимларнинг таржимаи ҳоллари, ижод намуналари қўйилади. Бу тасвирий манзараларни томоша қилиб чиққан зиёратчи -Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз ҳамда уларнинг боқий мероси билан яқиндан танишиб, унутилмас таассуротлар олиши муқаррар.

Бу каби ташаббуслар халқ манфаати учун кечани кеча, кундузни кундуз демай фидокорона олиб борилаётган хайрли ва эзгу саъй-ҳаракатлар самарасидир. 

Шайх Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Шайх Абдулазиз МАНСУР, 

раис ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn