«Виртуал музей» тақдимоти
  • 29 Апрель 2017

«Виртуал музей» тақдимоти

Темурийлар тарихи Давлат музейида “Республика музейларида “Виртуал музей” дастури”нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, музейлар фаолиятини такомиллаштириш, тизимга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Музейлар кенгаши, Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат -ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш -Жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуман ҳам айнан ушбу мақсадга қаратилди.

Мазкур лойиҳага асосан, республикамизнинг 20 та музейида Виртуал саёҳат дастури яратилди. Айни пайтда юртимизда фаолият кўрсатаётган барча музей ва маданий мерос объектларини қамраб олган дастурдаги маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида Ўзбекистон музейлар кенгашининг веб-сайтида жойлаштирилади. “Виртуал музей” дастурига Тошкентдаги Темурийлар тарихи Давлат музейи, Геология, Тошкент политехника ҳамда Юнус Ражабий уй-музейлари, Самарқанддаги Афросиёб, Мирзо Улуғбек расадхонаси музейлари ҳамда Хўжа Дониёр маданий мерос объекти, Бухоро вилоятидаги Арк, Ситораи Моҳи-Хосса ансамбли, Сомонийлар мақбараси, Хоразмдаги Ичан-Қалъанинг тарихий мажмуалари, Термиздаги Археология музейи, Қўқондаги Худоёрхон ўрдаси, Қўқон ва Фарғона ўлкашунослик, Марғилон тарихи музейлари ҳамда Қўқон жоме масжиди ёдгорликлари киритилган.

Ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш орқали музейлар ва маданий мерос объектларига маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш, уларни Ватанимиз тарихи, муқаддас қадамжоларимиз, осориатиқаларимиз билан яқиндан таништириш кўзда тутилган.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn