Салбий таъсир кўрсатди
  • 08 Февраль 2017

Салбий таъсир кўрсатди

АҚШнинг “Ford” автомобилсозлик компанияси “Брексит” (Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш жараёни) туфайли 2016 йилда 600 миллион АҚШ доллари йўқотди. Бу ҳақда компаниянинг Европадаги раҳбари Жим Фарли маълум қилди.

“Кўҳна қитъа”даги ўзгаришлар автоуловлар савдосига сезиларли салбий таъсир кўрсатган. “Ford”нинг зиён кўришига олиб келган энг асосий омил эса фунт стерлингнинг қадрсизлангани бўлди, деб ҳисобланмоқда. Чунки Буюк Британияда унинг двигателлар -ишлаб чиқарадиган иккита заводи фаолият юритади. Қолаверса, компания мазкур давлатга Европанинг бошқа мамлакатларида йиғилган машиналарини экспорт қилади. Валюта қийматининг пасайиши, табиийки, даромад чўғининг камайишига сабаб бўлган.

Узоқ давом этган парвоз

“Qatar Airways” авиакомпаниясининг “Боинг-777” йўловчи самолёти Доҳадан Янги Зеландиянинг Окленд шаҳригача бўлган масофани тўхтовсиз 16 соату 23 дақиқада босиб ўтди ва бу тарихдаги энг узоқ парвоз сифатида қайд этилди.

Манбада айтилишича, самолёт белгиланган вақтдан 15 дақиқа эртароқ қўнган. 19 нафар экипаж аъзоси бўлган ҳаво лайнерида учиш пайтида йўловчиларга 1,1 минг чашка қаҳва ва чой, 2 мингта салқин ичимлик ҳамда 1036 порция таом тортиқ қилинган. Янги Зеландиядан ортга қайтиш вақти шамол қаршилиги туфайли қисман чўзилиши, яъни 17 соат 30 дақиқани ташкил этиши билдирилди.

Тасодифий топилма

Хитойлик археологлар бундан қарийб 3 минг йил муқаддам яшаган тимсоҳ қолдиқларини топишди.

Мутахассислар буни, Шэньси провинциясининг Сиань шаҳридаги ер ости ғорида олиб борилаётган қазиш ишлари чоғида тасодифан аниқлашган. Экспедиция раҳбари Юэ Ляньцзяннинг таъкидлашича, ушбу ҳудудда бундай судралиб юрувчилар ўарбий Чжоу сулоласи даврида мавжуд бўлган. Энди ушбу топилма ёрдамида бир неча минг йил аввалги тимсоҳлар ҳақида муҳим маълумотлар тўплаш мумкин.

Ҳайдовчи қочиб кетди

Гондурасда мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, пойтахт Тегусигальпа шаҳри яқинидаги йўлда автобус ва цистернали автомобиль тўқнашиб кетган. Оқибатда 16 киши ҳалок бўлган, 34 нафар одам жароҳатланган. Дастлабки тахминларга қараганда, фалокат юк машинаси ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотгани сабабли келиб чиққан. Ҳодисадан сўнг у қочиб кетган.

Яна бешта жойда аниқланди

Чехия ветеринария хизмати мутахассислари мамлакат ҳудудида парранда гриппининг яна бешта ўчоғини топишди.

Шундай қилиб, бундай манзиллар сони йигирматага етди. Касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида фермаларда 40 мингта паррандани йўқ қилишга тўғри келди. Бунинг учун ҳукумат фермерларга товон пули тўлаяпти.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn