Ҳисоботини эълон қилди
  • 03 Февраль 2017

Ҳисоботини эълон қилди

АҚШнинг “Facebook” ижтимоий тармоғи ўтган чоракдаги ва 2016 йил давомидаги молиявий натижаларига оид маълумотларни эълон қилди.

Манбада айтилишича, якунланган йилнинг сўнгги уч ойида у 3,57 миллиард АҚШ доллари миқдорида соф фойда олишга эришган. Бу 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 28 фоиз кўпдир. Умуман, йил давомида кўрилган соф фойда ҳажми 10,22 миллиард долларни ташкил этди.

“Facebook” жаҳон миқёсида тобора оммалашиб бораяпти. Масалан, 2016 йилнинг декабрь ойида ушбу тармоққа ҳар куни ўртача 1,23 миллиард киши кирган.

Энг қиммат савдо белгилари

Яқинда “World Brand Lab” консалтинг компанияси 2016 йил бўйича дунёдаги энг нуфузли савдо белгилари рейтингини эълон қилган эди. Энди “Brand Finance” консалтинг фирмаси энг қиммат брендларнинг янги рўйхатини омма эътиборига ҳавола этди.

Унда “Google” интернет-компанияси биринчи ўринни эгаллади. Мазкур компаниянинг савдо белгиси қиймати 109,47 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, бу кўрсаткичи билан у “Apple”ни ортда қолдирди. Иккинчи поғонага тушиб қолган “Apple” бренди қиймати ўтган йили 27 фоиз пасайган. Учинчи ўринни интернет орқали хизмат кўрсатувчи “Amazon.com, Inc” компанияси (106,396 миллиард доллар) банд этди.

“AT&T” телекоммуникация компанияси ҳамда “Microsoft” бренди рейтингдаги илк бешталикни якунлаб берган.

Фавқулодда ҳодиса

Филиппин пойтахти Манила шаҳридаги “House Technology Industries” компаниясига қарашли заводда ёнғин рўй берди.

“Фокс ньюс” телеканали хабарига кўра, бахтсиз ҳодиса оқибатида юзга яқин ишчи жабрланди, улардан ўн нафарининг аҳволи оғир. Уч киши бедарак йўқолган. Аланга иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқариш технологиясининг қизиб кетиши натижасида ҳосил бўлган. Ўт ўчирувчилар 18 соатдан сўнг вазиятни назоратга олишган.

Фикрни ўқиш хусусиятига эга

Швейцариялик олимлар бутунлай фалаж аҳволдаги одамнинг фикрини ўқиш имконини берадиган қурилма яратишди. У орқали бемордан унчалик қийин бўлмаган саволларга жавоб олиш мумкин.

Ушбу технология магнит-резонанс томография (МРТ) тамойили асосида ишлайди ва кислород истеъмолидаги ўзгаришга қараб, мия фаолиятида кузатиладиган энг кичик жараённи ҳам аниқлайди. Мисол учун, агар хаста киши “ҳа” демоқчи бўлса, буни мия ҳужайраларидаги кислород сарфи кўпайганидан билиш мумкин, “йўқ” деса, аксинча ҳолат қайд этилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, турли сабабларга кўра ҳаракатланишдан батамом мосуво бўлган инсонлар бора-бора фикрлаш қобилиятини ҳам йўқотади, деган қараш мавжуд эди. Энди бу назария асоссиз экани исботланди. Демак, бир кун келиб илм-фан фалаж одамни нормал ҳаётга қайтариши ҳам мумкинлигига умид уйғонди.

Сабаби номаълум

Хитойнинг Вэньчжоу шаҳрида учта беш қаватли уй қулаб тушди, дейилади “Синьхуа” ахборот агентлиги хабарида.

Уларнинг вайроналари остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаяпти. Шу боис қидирув ишлари олиб борилмоқда. Биноларнинг қулаши сабаби ҳозирча номаълум.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn