Фредерик Старр: «Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсатидаги ўрни мустаҳкамланиб бораверади»
  • 13 Декабрь 2016

Фредерик Старр: «Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсатидаги ўрни мустаҳкамланиб бораверади»

Жорий йил 4 декабрь куни Ўзбекистонда Президент сайлови бўлиб ўтди. Ушбу жараённи қатор халқаро ташкилотларнинг вакиллари ва дунёнинг 46 мамлакатидан келган 600 нафардан зиёд кузатувчилар бевосита мониторинг қилдилар. Улар қаторида атоқли америкалик олим, Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институтининг директори Фредерик Старр ҳам Ўзбекистонда бўлди.

Америкалик эксперт “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига махсус интервью берди.
— Халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек, сайлов якунлари ҳақидаги мулоҳазаларингизни ўртоқлашсангиз.
— Энг аввало, Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ишончли ғалаба билан табриклайман. Ўзбекистон халқини ҳам ушбу муҳим сиёсий тадбир ниҳоясига етгани билан қутлайман.
Ўзбекистонда Президент сайловининг муддатидан олдин ўтказилиши ва Конституцияга мувофиқ, унга тайёргарлик кўриш учун вақт қисқа бўлганлигига қарамай, сайлов юксак ташкилий даражада, муваффақиятли ўтди.
Олий давлат раҳбари лавозимига барча номзод учун босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида бир хил майдон тақдим этилди. Партиялар ўз ғояларини сайловчиларга етказиш учун биринчи марта интернет технологияларидан, “Твиттер”, “Телеграмм”, “Фейсбук” каби ижтимоий манбалардан фойдаланишди. Номзодлар мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг аниқ йўлларини таклиф қилишди, баҳслашишди.
Ўзбекистон ўз очиқлигини намойиш этиб, сайлов жараёнларини мониторинг қилиш учун илк бор Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг узоқ муддатли миссиясини таклиф этди. Ҳукумат телевидениеда “оилавий овоз бериш” тажрибаси муҳокама қилинган, “сайлаш фаоллиги”ни рағбатлантирадиган ижтимоий роликлар эфирга узатилишини ташкил этди.
Шубҳасиз, мутлақ мукаммал сайлов бўлмайди. Ҳатто дунёдаги демократия энг ривожланган давлатларда ҳам баъзи бир хатоликларга йўл қўйишади. Бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Бироқ мен эътирозга ўрин қолдирмайдиган бир далил — бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистонда демократия тадбирларининг ривожланиши сари улкан қадам ўз ифодасини топганини барча эътироф этди, деб ўйлайман.
Умид қиламанки, Ўзбекистон бу билан чекланиб қолмайди. Келгуси сайловларда биз партиялар ва номзодларнинг юксак фаоллигини, ғоялар ҳамда қарашлар тўқнашувини кўрамиз. Бу сайлов мамлакатни ривожлантиришга кучли сиёсий туртки берганининг исботи бўлади.
— Номзодлардан бири бўлган, айни пайтда эса, сайланган Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди кампаниясини қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи бўлган Шавкат Мирзиёев тезкорлик билан ҳаракат қилди ва аҳоли турмушини яхшилаш, муқаррар ислоҳотларни фаоллаштириш бўйича қатор амалий қадамлар қўйди.
У суд тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, парламентнинг ролини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида бир нечта муҳим қарорлар қабул қилди. Натижада бу ташаббуслар аҳолига Шавкат Мирзиёев сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлашда мутлақ англанган танловни қабул қилиш имконини берди.
Менинг назаримда сайловгача эълон қилинган ислоҳотлар узоқ муддатга мўлжалланган мақсаддир. Овоз бериш натижалари фаолиятнинг муваффақиятли якуни эмас, балки мамлакат сиёсий ҳаётининг бошланишидир. Ишонаманки, Ўзбекистон янги раҳбари билан изчил ривожланишни, давлат ва жамиятнинг барча соҳасини янада ислоҳ қилишни давом эттиради.
Мен Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг қандай ривожланаётганини катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Аминманки, у мамлакатнинг сиёсий тизимида катта кучга эга бўлади. Бу ҳукумат аҳоли манфаатлари ва орзу-умидларини ифодалашининг энг яхши кафолатидир.
— Сиз Конституция кунига бағишланган тадбирда қатнашиб, сайланган Президентнинг маърузасини тингладингиз. Ушбу маъруза Сизда қандай таассурот қолдирди?
— Сайланган Президент менда серғайрат, журъатли ва етакчилик хусусиятига эга сиёсатчи сифатида таассурот қолдирди. У маърузасида ўзининг сайловолди ташаббуслари ва дастурининг мантиқий давоми бўлган янги сиёсий йўналишни баён этди. Шавкат Мирзиёевнинг секин-асталик билан ҳокимларни овоз бериш тизими орқали сайлашга ўтиш ҳақидаги таклифини мен “инқилобий” деб ҳисоблайман.
Янги Президент томонидан илгари сурилган давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш жараёни, шунингдек, унинг аҳоли билан мулоқот қилишга тайёрлиги ва очиқлиги Ўзбекистонни сиёсий ривожланишнинг мутлақо янги даражасига олиб чиқади.
— Афғонистонда сақланиб турган мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият шароитида Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлашда АҚШ Ўзбекистонга қандай эътибор қаратади?
— АҚШда ҳар доим Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги Афғонистон билан чегарадош бўлган йирик давлат, дея ҳисоблаб келинади. Шунингдек, Вашингтонда мамлакатингиз минтақанинг маданий маркази эканлигини яхши тушунишади.
Ўзбекистон яқинда минтақа давлатлари билан алоқаларни фаоллаштиришга йўналтирилган қатор муҳим ташаббусларни қабул қилди. Умид қиламанки, улар Марказий Осиёдаги давлатлар томонидан қўллаб-қувватланади. Минтақа давлатлари бир-бирлари билан келишиб олишлари ва халқаро майдонда алоҳида бир давлатнинг овози эмас, уларнинг биргаликдаги муносабатлари янграши лозим. Бунинг натижасида Вашингтонда ҳам, бошқа давлатлар пойтахтларида ҳам минтақанинг овози кучлироқ жаранглайди. Бундай саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон марказий ўринда турмоғи керак.
— АҚШнинг янги маъмурияти сиёсатида Марказий Осиё ва Афғонистонга нисбатан қандайдир ўзгаришларни кутиш мумкинми?
— Бу саволга жавоб бериш менга ҳозирча қийин. Бироқ, ўйлайманки, биз тез орада янги маъмурият холис ахборотга қанчалик таяниши, кенг маслаҳатчилар доирасини жалб этганини кўрамиз. Бирор-бир муаммо эътибордан четда қолмайди ва барча муносабат ҳисобга олинади, деб умид қиламан.
Янги маъмурият даврида АҚШнинг ташқи сиёсати янада жадаллик хусусиятини намоён этади, деб ҳисоблайман. Менинг назаримда яқин келажакда дунё сиёсатида, шу жумладан, АҚШнинг ташқи сиёсий стратегиясида ҳам Ўзбекистоннинг ўрни ортади.
Ҳозирги вақтда Вашингтонда, ишонаманки, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Афғонистонда ҳал қилувчи ўринга эга бўлишни давом эттирадиган янги маъмурият шаклланмоқда.
— Биз Сизни Марказий Осиё тарихи ва маданиятини теран тушунадиган йирик олим сифатида биламиз. Сизнингча, минтақанинг тарихий-маданий мероси бугун Марказий Осиё давлатларининг дунёда тутган ўрнини қанчалик белгилаб беради?
— Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё халқлари, турли қитъалардан келган, турли маданиятларга эга бўлган инсонларни жипслаштирувчи қандайдир “бирлаштирувчи куч” — ноёб қобилиятга эга бўлишган.
Минтақадаги бугунги давлатлар халқаро сиёсий жараёнларда фаол қатнашмоқда, уларнинг ҳудудларида йирик халқаро форумлар ўтказилаётир. Одамлар дунёнинг турли бурчакларидан бу ерга келишни, маҳаллий меҳмондўстликдан баҳраманд бўлишни, бир-бирлари билан суҳбатлашишни хуш кўришади.
Ўзимнинг “Йўқолган маърифат: Марказий Осиёнинг араб босқинидан то Амир Темур давригача бўлган олтин асри” китобимда, антик даврдан
XVI-XVII асрларгача Марказий Осиё дунёнинг маркази бўлганини қайд этганман. Бу минтақа тарихидаги ғоят ажойиб давр бўлган. Марказий Осиёнинг буюк вакиллари математика, астрономия, биология, кимё соҳаларида инқилоб қилишди, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшишди. Қандай қилиб бу муваффақиятларга эришилди? Ўша даврда Марказий Осиё Европа ва Осиёнинг барча давлати билан алоқа қилган, дунёнинг турли бурчакларидан ахборотлар олиб турган. Бу ўзгаришларга тайёр, шу билан бирга, мустақилликни сақлаб қолган очиқ жамият бўлган. Марказий Осиё халқлари нафақат иқтисодиётни бошқарадиган ва пул билан муомала қилишни билган савдо соҳасининг билимдонлари бўлишган, балки улар илм-фан ва маърифатнинг обрўсини оширганлар, қадимги юнон мутафаккирларининг асарларини ўз тилларига таржима қилишган.
Нега ушбу “олтин аср” тугади? Бунинг жуда кўп сабаблари бор. Бироқ асосийси, менинг назаримда, оқилона ғоялар диний-мазҳабий қарама-қаршиликларнинг кескинлашуви оқибатида диний ақидапарастликка айланганида, деб хулоса қилиш мумкин. Шу муносабат билан биз ҳаммамиз тарих сабоқларини эслашимиз, ўтмиш хатоларини такрорламаслигимиз керак. Менинг Ўзбекистонда кўрганларим бу ерда ушбу ҳақиқатни яхши англашларини тасдиқлайди.


«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn