Вашингтонда Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
  • 26 Октябрь 2016

Вашингтонда Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонасида мамлакатимизнинг замонавий ривожланишига бағишланган брифинг ўтказилди. Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё-Кавказ институти билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Американинг расмий, эксперт, академик ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳозир бўлди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев асосий маъруза билан қатнашди.

Брифинг иштирокчилари Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётидаги асосий тамойиллар ҳамда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнларига доир маълумотлар билан батафсил танишишди. Алоҳида таъкидланганидек, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ республика раҳбарияти томонидан юртимиз ташқи сиёсатининг фундаментал тамойиллари ишлаб чиқилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг 2016 йил 8 сентябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги нутқида ўз ифодасини топган асосий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мамлакатимизда жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ва 18-19 октябрь кунлари Тошкентда уюштирилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунларига доир маълумотлар ҳам тадбир меҳмонлари эътиборига ҳавола қилинди.

Республикамизда барқарорлик таъминланаётгани брифинг қатнашчилари томонидан юқори баҳоланди. Шубҳа йўқки, ўтган йиллар давомида қонун устуворлиги асосидаги очиқ ҳамда барқарор сиёсий тизимнинг изчил амал қилиши туфайли бунга эришилди.

Учрашувда сўзга чиққан Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё-Кавказ институти директори С. Корнелл ушбу тадбир Вашингтоннинг сиёсий ва эксперт-таҳлил доираларини мамлакатда кечаётган бугунги вазият билан яқиндан таништириш учун қулай имконият яратганини қайд этди. Экспертнинг фикрича, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ҳамда демократик тараққиётига доир келтирилган ишонарли далил ва асослар, давлатдаги вазиятнинг чуқур таҳлили брифинг иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Жон Хопкинс университети профессори Т. Ҳуссайн кўпгина мусулмон мамлакатлари ўз аҳолисига диний таълим бериш тизимининг асосларини модернизациялаш ҳамда янгилашга эҳтиёж сезаётган бир даврда Тошкент томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти шафеълигида ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқотлар марказини ташкил этиш ғоясининг илгари сурилгани ўз вақтида ташланган қадам ҳисобланишини айтди.

Экспертнинг сўзларига қараганда, айрим мусулмон давлатларида ёшларнинг радикаллашуви тамойили замонавий теологларнинг етарли даражадаги тайёргарликка эга эмаслиги ва одамларга Шарқнинг буюк алломалари қолдирган маънавий мерос ҳақидаги билимлар қониқарли ҳамда тушунарли тарзда етказиб берилмаётгани билан боғлиқдир. “Мусулмон ҳамжамияти айнан янги ғояларга эҳтиёж сезмоқда, бой маданий ва ахлоқий меросга эга бўлган Ўзбекистон эса диний маърифатни оммалаштириш йўли билан ана шундай эзгу ғояларни тақдим этишга тайёрдир”, деди олим.

“Lоgan International Relations” консалтинг компанияси раҳбари П. Хамилл ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ўзбекистон раислиги доирасида тилга олинган ғояларга Америка Қўшма Штатларида ҳам зарурат борлигига эътибор қаратди. “АҚШда ислом дини ва илмий-техникавий тараққиёт бирга мавжуд бўлолмаслиги тўғрисидаги бир ёқлама ҳамда нотўғри қарашлар ҳамон йўқ эмас, — дея баёнот берди у. — Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этилиши бундай ножоиз қарашларни тарқатиб юборишга қодир бўлади”.

АҚШ ишбилармон доиралари вакилларининг таъкидлашича, Вашингтонда ўтказилган мазкур тадбир Ўзбекистон салоҳиятини тақдим этиш ва уни муҳокама қилиш, мамлакатнинг иқтисодий устуворликларини Америка ишбилармон доиралари эътиборига етказиш учун жуда яхши минбар бўлди.

Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларини янада ривожлантиришга тайёр эканлиги бизнес вакилларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Жумладан, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини -бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг кичик ва ўрта бизнесни янада қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда хорижий сармояларни фаол жалб этишга йўналтирилган ташаббуслари ўз ижобий таъсир миқёсини кенгайтириб бораётганини билдирдилар.

“Caterpilar” компаниясининг ҳукуматлар билан алоқалар бўйича директори М. Рассел Ўзбекистон саноатни узоқ муддатли ривожлантириш истиқболлари ва етакчи хорижий мамлакатлар билан лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича аниқ-равшан режаларига эга бўлган давлатдир, деган фикр “Caterpilar” компанияси раҳбариятида шаклланганини эътироф этди. “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида бундай мамлакатлар кўп эмас”, деди у.

Ўз навбатида, Америкадаги етакчи “Baker&McKenzie” консалтинг компаниясининг шериги Т. Файерсон Ўзбекистондаги сиёсий ҳамда иқтисодий барқарорлик фаолият кўламларини кенгайтиришдан манфаатдор хорижий компаниялар учун асосий афзаллик эканлигини айтиб ўтди. “Иқтисодиёт соҳасидаги сўнгги ташаббус ва ислоҳотлар, шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида” ҳамда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳалари республика барқарор -ривожланишининг кафолати бўлиб хизмат қилиши билан бирга, давлат ва бизнес ҳамкорлигининг очиқлиги ҳамда шаффофлиги таъминланишига ҳам кўмаклашади”, деди Т. Файерсон.

«Жаҳон» АА.

Вашингтон

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn