Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти Лондонда муҳокама қилинди
  • 25 Октябрь 2016

Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти Лондонда муҳокама қилинди

Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши мавзуига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Буюк Британиянинг ижтимоий-сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев асосий маъруза билан иштирок этди.

Брифинг чоғида унинг қатнашчилари юртимизда бугунги кунда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳамда республикамиз халқаро ҳамкорлигидаги устуворликларга доир батафсил маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Ўзбекистон бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамияти асосидаги дунёвий демократик давлат барпо этиш тамойилларига содиқ эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга, тадбир чоғида ҳукуматимизнинг тадбиркорликни, инфратузилмалар ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатилишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган сўнгги қарорларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Юқоридагилардан ташқари, мамлакатимизда жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳамда 18-19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунларига доир маълумотлар ҳам брифинг иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

“Pathfinder” компанияси директори Майкл Томас ўз чиқишида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов улуғ етакчилик фазилатларига эга бўлгани туфайли 25 йил ичида гуллаб-яшнаётган давлатни барпо қилишга эришилганини таъкидлади.

— Ислом Каримов томонидан таклиф этилган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ўзбекистон Республикаси раислиги мавзуси ва устуворликлари мустақил давлатни барпо этишга доир ёндашувларнинг тамойиллари билан уйғундир. Бу маънавий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳамда барқарорлик, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти эканлигини англатади, — деди М. Томас.

Унинг айтишича, Марказий Осиёнинг буюк алломалари ва мутафаккирлари билимларини ҳамда уларнинг замонавий илм-фан ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаларини тарғиб қилиш юзасидан бошланган ишларни давом эттириш фавқулодда муҳим ҳисобланадики, бу Ўзбекистонни ва бутун ислом дунёсини яхши тушунишга хизмат қилмоғи лозим.

Буюк Британия компанияси раҳбари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорига ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалалари мамлакатимизнинг ИҲТ раислигидаги устуворликлари рўйхатига киритилганини юқори баҳолади.

— Нафақат корпоратив ва давлатлараро даражаларда, балки кичик ҳамда ўрта бизнес вакиллари ўртасида ҳам савдо алоқаларини ривожлантириш ислом дунёсидаги иқтисодий ўсишга хизмат қилиши мумкин, деб ҳисоблайман, — деди “Pathfinder” компанияси раҳбари.

Халқаро таълим бўйича эксперт Дэвид Харди Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислигининг “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиорини қўллаб-қувватлашини билдирар экан, республикамиз таълим, маданият ва ёшлар сиёсати соҳаларида эришган муваффақиятлар жуда катта эътиборга сазоворлигини таъкидлади.

— Улар Ўзбекистонга ўхшаш демографик ҳамда иқтисодий шароитларга эга бўлган кўпгина ривожланаётган давлатлар учун намуна сифатида хизмат қилади. Бағрикенглик ва уйғунликка эришишнинг воситаси сифатида Ўзбекистон таълим сиёсатидаги ўз қарашларини халқаро даражада илгари суришга ҳақлидир.

Маънавий меросни тарғиб этиш билан бирга, иқтисодиётда талаб катта бўлган махсус малака кўникмаларини олиш учун шароитларни кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этади. Илмий-техникавий алмашувларни фаоллаштириш масаласи мамлакатнинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислигидаги устуворликлардан бири сифатида қўйилгани мусулмон дунёси давлатларининг янада модернизациялашувига кўмаклашади, — деди у.

Бирлашган кучлар Қироллик институтининг (RUSI) хавфсизлик тадқиқотлари масалалари бўйича директори Рафаэлло Пантуччининг айтишича, минтақавий ва халқаро даражадаги турли масалалар юзасидан ИҲТга аъзо давлатларнинг нуқтаи назарлари бир хил бўлмаса-да, умумий хавф-хатарнинг мавжудлиги аёндир.

— Ўзбекистон томони ИҲТга аъзо давлатларни астойдил бирдамликка ҳамда замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга биргаликда қарши туриш учун улар ўртасида мавжуд зиддиятларни бартараф этишга чақираётгани тасодифий ҳол эмас, — деди у.

Экспертнинг фикр билдиришича, ИҲТ мамлакатлар ўртасида амалий жиҳатдан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ислом қоидаларининг тўғри талқин қилиши ва Ўрта аср Шарқининг буюк мутафаккирлари қолдирган маданий ҳамда илмий меросни тарғиб этиш орқали бағрикенглик ғояларини тарқатишга йўналтирилган қўшма дастурларни ҳаётга татбиқ қилиш учун жуда яхши минбар бўлишга қодир.

Рафаэлло Пантуччи бундай ишлар нафақат мусулмон мамлакатлари, балки ўарб дунёси учун ҳам амалий қадр-қимматга эга эканлигини қайд этди.

— Шу боис тадқиқот марказлари, шу жумладан, Бирлашган кучлар Қироллик институти ҳам Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги давомидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрдир, — деди у.

Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми раиси, профессор Сидхарт Саксена таъкидлаганидек, Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиори Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларни эзгу ғоя атрофида бирлаштириш ҳамда алалоқибатда амалий натижаларга эришиш учун ишонарли шарт-шароитларни яратади.

Шунингдек, британиялик олим исломнинг тараққийпарвар моҳиятини илгари суриш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини, Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) махсус кафедрасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига юқори баҳо берди.

— Бу буюк аждодларнинг бой маънавий меросини ўрганиш бўйича эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш имконини берибгина қолмасдан, халқаро миқёсда янада кенгроқ интеллектуал алмашувлар учун янги истиқболлар эшигини очади, — дея таъкидлади британиялик профессор.

 

«Жаҳон» АА.

Лондон

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn