Ҳусейн ГУЛИЕВ: «Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг дунёда ўз ўрнини эгаллади»
  • 12 Август 2016

Ҳусейн ГУЛИЕВ: «Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг дунёда ўз ўрнини эгаллади»

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами тобора яқинлашмоқда. Ушбу айём муносабати билан хорижий давлатларнинг Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия миссиялари раҳбарлари республикамиз босиб ўтган йўл хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири Озарбайжоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн ГУЛИЕВ билан шу мавзуда суҳбатлашди.

— Элчи жаноблари, аввало, юртимизнинг давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасидаги ишларига оид фикрингизни билишни истардик.

— Мустақил тараққиёт йиллари мобайнида Ўзбекистонда кенг кўламли, жумладан, маъмурий ислоҳотлар ҳам ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви тизими модернизациялашди ҳамда янгиланди, маҳаллий ҳокимият органлари қайта ташкил қилинди. Ижтимоий-сиёсий тизимдаги туб ўзгаришлар муваффақиятли олиб борилгани туфайли мамлакатнинг жадал ва барқарор ривожланиши таъминланди, янги миллий давлатчилик пойдевори шаклланди, демократик ҳуқуқий давлат ҳамда кучли фуқаролик жамияти асослари яратилди.

— Иқтисодий ривожланиш ҳар қандай давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Сизнингча, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсувчанлигини қандай чора-тадбирлар таъминламоқда?

— Республикангиз эришган марралар, энг аввало, иқтисодиётни ислоҳ этиш, либераллаштириш ва модернизациялаш, унинг тизимларини диверсификациялаш бўйича ўз вақтида бошланган вазмин, ҳар томонлама пухта ўйланган, узоқ истиқболни кўзлаган сиёсат натижасидир.

Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтишнинг “ўзбек модели” ўзини амалда тўла оқлади. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатлари Ўзбекистоннинг мазкур йўналишдаги тажрибасини, жумладан, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларини бартараф этиш ҳамда юмшатиш юзасидан Инқирозга қарши чоралар дастурини катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

Менингча, иқтисодиётнинг турли жабҳаларига хорижий сармояларнинг кенг кўламда жалб қилиниши, маҳсулот экспорти салоҳияти ва ҳажмларининг оширилиши, пухта ўйланган пул-молия сиёсати ўзбек иқтисодиёти ўсувчанлигининг энг муҳим омилларидандир.

— Элчи жаноблари, Ўзбекистонда ижтимоий соҳани ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни қандай баҳолайсиз?

— Анъанага кўра, ҳар бир йил Ўзбекистонда муайян ижтимоий йўналишга бағишлангани ҳолда, ўша соҳани янада ривожлантириш бўйича кенг қамровли ҳамда самарали ишлар амалга оширилади. 2016 йил мамлакатда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Давлат яна бир бор ўзининг кучли ижтимоий сиёсатга ҳамда “Инсон — олий қадрият” ғоясига тўла содиқ эканлигини кўрсатди.

Соғлом ва аҳил оила мустаҳкам келажакнинг пойдевори эканлиги ҳисобга олинган ҳолда, ушбу омилга ижтимоий сиёсатдаги устувор аҳамиятга эга бўлган вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Ишончим комилки, қабул қилинган Давлат дастури мазкур жабҳада янги марраларни эгаллаш имконини беради.

— Ўзбекистонда толерантлик муҳитининг барқарорлигига ўз таъсирини кўрсатаётган омилларга ҳам тўхталсангиз.

— Мамлакатда 130 дан зиёд миллат ҳамда элатлар вакиллари аҳил яшаётганининг ўзиёқ миллатлараро ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир. Ўзбекистон турли миллат ва динлар вакиллари ўзаро тинчлик ҳамда бирдамликда истиқомат қиладиган ўлка ҳисобланади.

Бундай даражага эришиш республика раҳбариятининг инсонпарварлик ҳамда умуминсоний қадриятлар асосида олиб бораётган миллий сиёсати натижасидир.

Расмий статистика маълумотларида қайд этилишича, Ўзбекистонда озарбайжон миллатига мансуб қарийб 40 минг аҳоли истиқомат қилади. Улар республиканинг Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида яшайди. Шуниси қувонарлики, озарбайжон диаспораси Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти, саноати, илм-фани ва маданияти ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, истиқболлари ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз.

— Юртингиз мустақилликка эришганидан сўнг қисқа давр ичида жаҳон ҳамжамиятининг, кўпгина халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Қудратли ресурслар салоҳиятига эга Ўзбекистон минтақанинг марказий давлати ҳисобланадики, бирон-бир муҳим масала унинг иштирокисиз ҳал қилиниши мумкин эмас.

Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар изчил ва самарадорлик билан ривожланмоқда. Ўтган 25 йил ичида улар стратегик шериклик даражасида баҳоланаётир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига сайланиши чоғида мамлакатимизни фаол қўллаб-қувватлагани учун Озарбайжон Ўзбекистондан миннатдор. Биз ҳам, ўз навбатида, Ўзбекистонни барча халқаро ташкилотларда ҳамиша қўллаб-қувватлаганмиз ҳамда бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз.

— Қутлуғ байрам муносабати билан Ўзбекистон аҳлига тилакларингиз...

— Ушбу ажойиб имкониятдан фойдаланиб, Мустақиллик куни байрами муносабати билан қардош Ўзбекистон халқига ўзимнинг энг эзгу тилакларимни йўллайман. Келажакдаги барча ишларга чин дилимдан муваффақиятлар, бахту иқбол, тинчлик-фаровонлик, ҳар бир оилага файзу барака тилайман.

«Жаҳон» АА. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn