Тахмин тасдиғини топмади
  • 09 Август 2016

Тахмин тасдиғини топмади

АҚШ Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда июль ойида 255 мингта янги иш ўрни яратилди, Бу ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар тарқатди.

Бу аввалроқ экспертлар тахмин қилган кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори. Масалан, “Рейтер” ахборот агентлиги ўтказган сўровда мутахассислар АҚШ иқтисодиёти ўсиши бир оз пасайиши ва бунинг натижасида иш жойлари ташкил этиш камайиши мумкинлигини билдиришган эди. Лекин амалда бу тасдиғини топмади.

Айни пайтда мазкур давлатда ишсизлик даражаси 4,9 фоизга тенг бўлиб турибди.

 

Сурункали ёмғир оқибати

Македонияда тинимсиз ёққан ёмғир сув тошқинларини келтириб чиқарди.

Оқибатда 20 киши ҳаётдан кўз юмган, яна шунча одам бедарак йўқолган. Ёмғир билан бирга эсаётган қаттиқ шамол қидирув-қутқарув ишларини олиб боришда қийинчилик туғдирмоқда. Аксарият ҳудудларда дарахтлар қулаб тушган, электр таъминоти, транспорт воситалари қатнови издан чиққан. Юзлаб гектар экин майдонлари, тураржойлар сув остида қолган.

 

 

Салбий ҳолат такрорланмоқда

Жорий йилнинг олтинчи ойида Германия саноат корхоналарида буюртмалар ҳажми 0,4 фоиз пасайди. 

Мамлакат Иқтисодиёт вазирлиги вакилларининг айтишича, бундай салбий ҳолат охирги уч ой ичида иккинчи марта такрорланаяпти.

Талабнинг камайиши, асосан, ташқи бозор билан боғлиқ бўлиб, экспертларнинг фикрича, бу вақтинчалик ҳолат. Саноат маҳсулотларига ички талаб эса, аксинча, 0,7 фоиз ортган.

 

 

Нефть нархи кўтарилди

Жаҳон бозорларида нефть нархи бир оз кўтарилди, дея хабар тарқатди “Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги.

Хусусан, Лондон биржасида ўтказилган сўнгги савдолар чоғида “Brent” типидаги “қора олтин”нинг бир баррели 0,38 фоиз ошиб, 44,44 АҚШ долларидан сотилган. Нью-Йорк хом ашё биржасида эса “WTI” маркали нефть учун 41,97 АҚШ долларидан фьючерс шартномалари тузилган. 

 

 

Кутилмаган совуқ таъсири

Ўтган ҳафта Италиянинг Маттерхорн тоғларида хорижлик икки нафар альпинист бедарак йўқолганди.

Куни кеча уларнинг жасади тўрт километр баландликдан топилди. Буюк британиялик бу икки фуқаронинг ўлимига август ойидаги кутилмаган совуқ сабаб  бўлган.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn