«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури Испанияда тақдим этилди
  • 04 Август 2016

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури Испанияда тақдим этилди

Испаниянинг Куэнка шаҳрида (Кастилия — Ла-Манча мухтор ҳамжамияти) -“Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар” мавзуига бағишланган семинар бўлиб ўтди. 

Мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан Кастилия — Ла-Манча университети билан ўзаро ҳамкорликда ташкил қилинган ушбу тадбирда минтақанинг ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил доиралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда мазкур олий ўқув юртининг талаба ва ўқитувчилари қатнашди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 2016 йилнинг мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани хусусидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бунга мувофиқ қабул қилинган Давлат дастури соғлиқни сақлаш жабҳасини такомиллаштириш бўйича изчил ҳамда узлуксиз ишларни амалга оширишга кўмаклашмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатда оила, оналик ва болалик муҳофазаси, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника ҳамда кадрлар салоҳияти соҳаларига оид қонунчилик заминини мустаҳкамлаш вазифалари ҳам кўзда тутилгани айтиб ўтилди.

Учрашув якунлари бўйича тадбирнинг айрим қатнашчилари “Жаҳон” ахборот агентлиги учун берган интервьюлари чоғида мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатдаги устуворликлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Жумладан, Кастилия — Ла-Манча мухтор ҳамжамияти вице-президенти Хосе Луиз Мартинес ҳар йили республикамизда анъанавий равишда ижтимоий дастурларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши ўзига хос ноёб институт эканлигини айтди.

— Бугунги кунда ижтимоий соҳага, жумладан, таълим ҳамда тиббиётга катта эътибор қаратилиши муҳим аҳамиятга эгадир, — деди у. — Статистика маълумотлари кейинги йилларда мамлакатингизда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари кескин пасайганини кўрсатмоқда. Бу ўсиб келаётган авлодга нисбатан давлатнинг чексиз ғамхўрлиги самарадорлигидан далолат беради. Мамлакатингизда 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани республиканинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўмаклашишига ишончим комил.

Кастилия — Ла-Манча университети проректори Фатима Гуадамильяс Гомес Ўзбекистон ҳукумати томонидан ёшларнинг баркамол равнақ топиши учун барча зарур шарт-шароит яратилгани катта эътиборга молик воқелик эканлигини таъкидлади.

— Тиббиёт ҳамда мактабгача тарбия муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болалик муҳофазаси соҳасидаги қонунчилик ҳамда меъёрий-ҳуқуқий заминни янада такомиллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар аёллар ва болалар саломатлиги масалалари республикада устувор аҳамиятга эга эканлигини кўрса-тади, — дея баёнот берди Ф. Гуадамильяс Гомес. — Бу эса кўпгина мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ўз навбатида, Кастилия — Ла-Манча университети профессори Давид Лянос қуйидаги фикрларни билдирди:

— Бугун бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистонда таълим ҳамда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имкониятини яратди. Булар ҳар қандай мамлакатнинг тараққий топишидаги асосий йўналишлар сирасига киради. Университетимизда ўзбекистонлик бир неча талаба таҳсил олади. Биз уларнинг қиёфасида ҳам таълим тизимини такомиллаштириш ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш бўйича республикада ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирларнинг ижобий натижасини кўришимиз мумкин.

«Жаҳон» АА.

Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn