«Соғлом бола йили» Давлат дастури БМТ расмий ҳужжати сифатида тарқатилди
  • 11 Апрель 2014

«Соғлом бола йили» Давлат дастури БМТ расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

Ўзбекистон Республикасининг “Соғлом бола йили” Давлат дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Бош ассамблеянинг 68-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди. Унда, жумладан, жорий йил Ўзбекистон Республикасида Президент Ислом Каримов ташаббуси билан “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани ҳамда тегишли Давлат дастури қабул қилингани ўз аксини топган.

Мазкур Давлат дастури ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг қонуний ва мантиқий давоми бўлди. Чунки мустақилликнинг илк кунларидан эътиборан ҳар томонлама ривожланган, жисмонан соғлом ва маънавий баркамол авлод тарбиясига Ўзбекистонда устувор вазифа сифатида қараб келинади.Энг муҳими, болаларимиз учун, халқимиз ва келажак авлод фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ана шундай олижаноб фаолият изчил давом эттирилаётгани баробарида, унинг кўлами тобора кенгаймоқда. Натижалар эса яққол ва ҳамманинг кўзи ўнгида намоён бўлиб турибди. Масалан, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш доирасида она ва бола саломатлигини муҳофаза этишнинг миллий модели шаклландики, унинг юқори самарадорлиги бутун дунёда ўз эътирофини қозонди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий тиббиёт тамойилларига  ўтилишини ўз ичига олган биринчи бўғин соғлиқни сақлаш муассасаларининг кенг тармоғи яратилгани туфайли малакали тиббий ёрдам олишга кенг йўл очилди. Бу, биринчи навбатда, қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган болалар ва аёллар учун жуда катта қулайлик яратди. Даволаш-профилактика муассасаларини модернизациялаш ҳамда энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун
кейинги ўн йил мобайнида 750 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон жаҳонда болалар саломатлиги юзасидан энг яхши ғамхўрлик кўрсатиладиган ўнта мамлакат сафида туради. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг амалга оширилиши натижалари ҳар томонлама баркамол ривожланган авлод тарбиясига қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир ёрқин тасдиғи бўла олади. Ўзбекистонда сифати халқаро меъёрларга жавоб берадиган 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилган. Шу билан бирга, жамиятда маънавиятни юксалтиришга, болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури етти бўлим ва
125 банддан иборат бўлиб, унда болалар туғилиши, таълим-тарбияси, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-ахлоқий асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа ривожига ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ барча масалалар қамраб олинган. Оилада меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳурмат муҳити, юксак ахлоқий ҳамда маънавий қадриятларнинг шаклланиши, ёш оилаларнинг оёққа туриб олишида моддий ёрдам кўрсатилиши, оналик ва болалик муҳофазасининг таъминланиши, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ўзларини намоён этишлари ҳамда кундалик рўзғор ташвишларини енгиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш сингари биринчи галдаги вазифалар мазкур дастурда белгиланган. Шубҳа йўқки, оилалар, мактаблар, соғлиқни сақлаш тизими, давлат ва жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ўзаро ҳамжиҳатликдаги фаолияти ҳисобидангина мамлакатимиз учун фавқулодда долзарб масала сифатида қўйилган ушбу вазифалар самарали тарзда ҳал этилиши мумкин. Дастурда, бундан ташқари, бошқа эзгу ишларни ҳам ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлмиш болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан, ҳурмат-эътибор билан қарашни келажагимизга бўлган ишонч, миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодаси, деб биламиз”. “Соғлом бола йили” Давлат дастури ҳақидаги ахборот Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча расмий тиллари — инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларига таржима қилинди.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тахмин қилинганидан юқори Бахтсиз ҳодиса »