Ўсиш бор
  • 23 Апрель 2016

Ўсиш бор

“Google” компанияси жорий йил биринчи чорагида 20,26 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад кўрди.

Ваҳолонки, аввалроқ таҳлилчилар мазкур бренд ушбу даврда 20,38 миллиард доллар маблағ ишлаб топишини прогноз қилишганди. Лекин ўтган йилнинг шу даврида бу борадаги кўрсаткич 17,26 миллиард долларни ташкил этгани инобатга олинса, ижобий ўсишга эришилган. 

“Microsoft” корпорациясида даромад ҳажми 22,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлди. 

Энг харидоргир спорт машинаси

Ўтган йили дунё бўйича энг кўп сотилган спорт автомобиллари рўйхати эълон -қилинди.

Мазкур жадвалда биринчи ўрин икки эшикли “Ford Mustang” моделига насиб этди. Бу ҳақда “IHS Automotive” манбаси хабар берди. 2015 йили мазкур автоуловлардан 141 минг 868 таси мижозлар томонидан харид қилинган.

Банкротлик ёқасида

Муқобил энергетика соҳасидаги энг йирик “SunEdison” (АҚШ) компанияси банкротлик ёқасига келиб қолди.

Боиси, унинг активлари ҳажми 20,7 миллиард доллар бўлиб тургани ҳолда, 16,1 миллиард доллар қарздорлиги мавжуд. Бунга нефть нархининг тушиб кетиши оқибатида қайта тикланувчи энергия тармоғидаги лойиҳалар рентабеллиги пасайгани асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда.  

Мазкур компаниянинг бир дона акцияси нархи апрель ойига келиб 1 доллардан ҳам арзонлашиб кетди.  

Эгилади, букилади, лекин синмайди

Хитойнинг “Pipo” компанияси томонидан ўзига хос ихчам ва букланадиган компьютер яратилди. 

“KB2” деб номланган мазкур қурилма “Windows 10 Home” операцион тизимида ишлайди. У 4 ядроли процессор, 2/4 гигабайтли оператив хотирага эга бўлиб, “USB 2.0”, “Bluetooth”, “WiDi” каби симли ҳамда симсиз интерфейслар тўпламига улана олади. Мазкур технологик воситага 

32/64 гигабайтли флеш карта ўрнатиш мумкин. 

Тақинчоқми ёки ширинлик?

Италиянинг қимматбаҳо буюмлар, соатлар, атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Bulgari” компанияси турли ширинликлар шаклидаги янги товарлари тўпламини омма эътиборига ҳавола қилди. 

Конфет, обакидандон, музқаймоқ кўринишидаги аксессуарлар оқ ва сариқ тилла, ёқут, аметист каби ноёб тошлар билан зийнатланган.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn