Икки йилда биринчи марта
  • 22 Декабрь 2015

Икки йилда биринчи марта

Канаданинг смартфонлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “BlackBerry” компанияси учинчи чоракда зарар миқдорини 89 миллион долларгача камайтиришга эришди.

Бунда ҳар бир акция бўйича камомаднинг 28 центдан 17 центгача пасайтирилгани муҳим омил бўлди.
Ўз навбатида, компания қарзларини тўлаш ва реструктуризация жараёнлари учун прогноз қилинганидан озроқ, яъни 15 миллион доллар маблағ сарфлади. Чораклик тушум гарчи йиллик ҳисоб-китоб нуқтаи назаридан қисқарган бўлса-да, аввалги уч ойдаги ҳолат билан қиёслаганда, 12 фоиз ўсишга эришилган. Бу “BlackBerry” учун охирги икки йилдаги дастлабки ижобий натижадир.

Инвестиция учун рағбат
Япония банки мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ўзгартирилишини маълум қилди.
Жумладан, мазкур мувофиқлаштирувчи муассаса давлат облигацияларини қоплаш муддатини 12 йилгача узайтириб, фаол инвестиция киритаётган ва ходимлари маошини ошириб бораётган компанияларнинг биржа фондларидаги акцияларини сотиб олиш ҳажмини 300 млрд. иена (2,4 млрд. доллар)гача кўпайтиради.
Хизмат кўрсатиш сифатига таъсир қилаяпти
Буюк Британиянинг Фолкстон шаҳри билан Франциянинг Кале шаҳрини Ла-Манш орқали боғловчи “Евростар” тезюрар поездлари ҳаракатида узилишлар кузатилмоқда.
Ушбу ҳолатга бўғоз остидан ўтган рельслар зарарлангани сабаб бўлаяпти, дейилади “Гардиан” нашри хабарида. Натижада йўловчилар рўйхатдан ўтишга бир соат, терминалда кутишга эса беш соат вақт сарфлашаётир. Айни пайтда техник носозликни бартараф этиш устида ишлар олиб борилаяпти.

Қор кўчкиси
Норвегиянинг Шпицберген архипелагида қор кўчкиси содир бўлди.
Оқибатда икки киши ҳаётдан кўз юмди, саккиз нафар одам жароҳатланди. Суккертоппен тоғидан қулаган ўн минглаб тонна қор бир қанча иншоотга жиддий зарар етказди, айримларини жойидан силжитиб юборди. Манбада айтилишича, ўтган дам олиш кунлари ушбу ҳудудда охирги ўттиз йил мобайнида энг кучли бўрон ана шундай ҳодиса келиб чиқишига сабаб бўлган.

Мавсумга хос бўлмаган ҳолат
Испания шимоли-ғарбидаги Астурия провинциясида кучли ўрмон ёнғинлари рўй бермоқда.
Айни пайтгача олов билан қопланган 130 га яқин ҳудуд аниқланган. Ёнғин келиб чиқишига бу ерда кутилмаган иссиқ ҳукм сураётгани ҳамда ёғингарчилик бўлмаётгани омил сифатида айтилаяпти. Фавқулодда ҳолат туфайли ушбу манзилдан одамларни эвакуация қилиш бошланган.

Энг йирик картина
Италиянинг Сицилия шаҳрида дунёдаги энг катта девор картинаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Санъат асари Катания портидаги буғдой омборхонаси биносига чизилган. Инсон қиёфаси акс этган портретнинг умумий юзаси 1900 квадрат метрдан ошади. Унинг муаллифи португалиялик машҳур рассом Александр Фарудир.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn