Савдода жонланиш
  • 18 Декабрь 2015

Савдода жонланиш

Жорий йилнинг ноябрь ойида Европа Иттифоқида 1,12 миллион дона автомобиль сотилди ва бу борадаги ўсиш 13,7 фоизни ташкил қилди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Бундай ижобий кўрсаткич қайд этилишида, асосан, Испания, Италия ҳамда Франция автобозорларидаги жонланиш муҳим омил бўлди. Европа автомобиль ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси  маълумотига кўра, ушбу даврда Германиянинг “Daimler”, АҚШнинг “Ford” ҳамда
“GM” брендлари энг кўп харид қилинган. Лекин “Кўҳна қитъа”даги йирик концерн — “Volkswagen” маҳсулотлари сотуви 1,3 фоиз пасайган. 

Рейтингини пасайтирди
“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Бразилиянинг инвестиция рейтингини “BBB-”дан “BB+”гача пасайтирди.
Қолаверса, ушбу мамлакатнинг бу борадаги натижаси яқин истиқболда янада ёмонлашиши тахмин қилинган.
Гап шундаки, айни пайтда мазкур давлатда чуқур рецессия ҳолати давом этмоқда. Таҳлилчилар йил охирида унинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 3,7 фоиз камайишини тахмин қилишаяпти.

Учинчи чоракдаги натижа
“Prada” модалар уйи (Италия)нинг шу йил учинчи чоракдаги даромади 38 фоиз тушиб кетди.
Мазкур ҳолат унинг либослари энг кўп сотиладиган Хитой ва Гонконг бозорларида талабнинг кескин пасайиб кетгани билан боғлиқ. Жумладан, ушбу ҳудудларда “Prada” маҳсулотларининг савдоси 26 фоиз камайган. Унинг Гонконг биржасидаги акциялари нархи эса 7 фоиз арзонлашган.

Эътиборсизлик оқибати
Япониянинг “Нарита” халқаро аэропортида фавқулодда ҳолат рўй берди.
Мамлакатнинг йирик авиаташувчиларидан бири “All Nippon Airways”га тегишли “Boeing 767” юк ташувчи ҳаво лайнери “Jet Star” компаниясининг “A320” йўловчи самолёти билан тўқнашиб кетди. Воқеадан ҳеч ким жабрланмади. Фақат “A320”нинг қаноти жиддий шикастланган.
Манбада айтилишича, нохуш ҳодиса “Boeing 767” учувчисининг эътиборсизлиги туфайли келиб чиққан.

Маёқли қўл соати
Швейцариянинг “Breitling” компанияси дунёда биринчи бўлиб икки частотали радиолокация маёғига эга қўл соатини яратди.
“Emergency II” номини олган ушбу механизмга авариялар ҳақида маълумот берувчи “Cospas-Sarsat” спутник тизими билан боғланган қурилма ўрнатилган. Соатни таққан киши фавқулодда вазиятларга дуч келиб қолса, унинг ёрдамида қуруқликда ҳам, денгизда ҳам сигнал жўнатиб, қутқарувчиларни чақира олади. Циферблат қора, сариқ ва апельсин рангларда тақдим этилган бўлиб, унда тақвим, компас, қувватни кўрсатиб турувчи индикатор ҳам мавжуд. Корпуси эса титандан жуда пишиқ ишланган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn