Деярли келишувга эришди
  • 16 Декабрь 2015

Деярли келишувга эришди

Ҳиндистоннинг “Mahindra&Mahindra” концерни Италиянинг дунёга машҳур дизайнерлик уйи — “Pininfarina”ни сотиб олиш юзасидан деярли келишувга эришди.

Бу ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар тарқатди. Қизиқ жиҳати, ушбу харид талабгорга нисбатан арзонга тушаяпти. Яъни концерн ателье акцияларининг ҳар бирини атиги 1,1 евродан сотиб олади. Умумий ҳисобда қимматли қоғозларнинг тўртдан уч қисмига эгалик қилади. Лекин шартноманинг жами қиймати ошкор этилмаган.
“Mahindra&Mahindra”, ўз навбатида, дизайнерлик уйига йирик миқдорда инвестиция киритиш ниятида. Қолаверса, унинг ўн йил давомида йиғилиб қолган қарзлари ҳам тўлиқ қопланади.

Эски трамвайнинг янги саёҳати
Дунёдаги электр трамвайларнинг энг “кекса”си Норвегия пойтахти Осло шаҳрида бўлиб, у Янги йил байрами арафасида яна ҳаракатлана бошлади.
Юз ёшли транспорт воситаси турли чироқлар билан безатилган. У оркестр ҳамкорлигида маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга кўтаринки кайфият улашаяпти. Йўловчилар тарихнинг бир қисмига айланган мазкур трамвай билан яқиндан танишиш, ҳатто, унда бепул сайр қилишлари мумкин.

Йўлдаги ҳодиса
Аргентинада йирик йўл ҳаракати ҳодисаси рўй берди.
Манбада айтилишича, полиция ходимларини олиб кетаётган автобус кўприкдан қуриб қолган дарёга қулаб тушган. Оқибатда 43 киши ҳаётдан кўз юмди, саккиз киши жароҳатланди. Бахтсиз ҳодиса транспорт воситаси шинасининг ёрилиши туфайли келиб
чиққан бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Маҳаллий ҳукумат ҳам ушбу ҳудуддаги йўллар носозлигини истисно қилмади.

Авиабозорда ҳам ўрнини топмоқчи
Япониянинг “Honda Motor” концерни АҚШ Фуқаро авиацияси федерал агентлигидан бизнес-класс русумидаги биринчи самолётини сотиш учун рухсат олди.
“HondaJet” деб номланган ҳаво лайнери муваффақиятли синовдан ўтказилгач, ана шундай сертификатга эга бўлди. Шу пайтгача мазкур компания ўз автомобиллари ва мотоцикллари билан машҳур эди. Энди у етти ўринли тезучар самолёти билан ҳам жаҳон авиация бозорида ўз ўрнини топмоқчи.

Нақшинкор соат
Швейцариянинг “Vacheron Constantin” компанияси келгуси йил январь ойида Женевада соатсозлик санъати бўйича бўлиб ўтадиган халқаро салонда кўргазмага қўйиладиган маҳсулотини намойиш этди.
Усталар томонидан ушбу соатга шарқона нақшлар, хитой каштадўзлиги, қадимги ҳинд қўлёзмалари ва французча кунгуралар шаклларидан муқояса олинган ҳолда  безак берилган. Унга жуда нозик механизмлар ўрнатилган бўлиб, ўта юқори аниқликда ишлайди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Швейцариянинг ушбу брендига 1755 йилда асос солинган.

Экологик тоза пойабзал
Германиянинг “Adidas” компанияси “Parley for the Oceans” ташкилоти билан ҳамкорликда океан чиқиндиларидан 3D-технологиялари асосида кроссовка  яратди.
У иқлим ўзгаришларига бағишланган конференция иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди. Пойабзал тўлиқ экологик тоза маҳсулотлардан ишланган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ишсизлик камайди Харажатларни тежаш чораси »