Бўлимини сотиб юборди
  • 11 Декабрь 2015

Бўлимини сотиб юборди

Яқин ўтмишда мобиль телефонлари билан ном қозонган Финляндиянинг “Nokia” компанияси навигация тизими ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлими — “Nokia Here”ни сотиб юборди.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, уни “Volkswagen AG”, “BMW” ва “Daimler” компаниялари 2,8 миллиард евро эвазига харид қилган. Автосаноат вакилларининг ушбу бўлимга бўлган қизиқиши икки сабаб билан изоҳланмоқда: аввало, “Nokia Here” навигация тизимлари рақобатчиларига қараганда ишончли ва замонавий, дея эътироф этилган. Қолаверса, ушбу бўлим акциялари нархи аввалгига нисбатан сезиларли даражада пасайган эди.

Прогноз кўрсаткичини пасайтирди
Франция банки мамлакат иқтисодиётининг жорий йил тўртинчи чорагидаги ўсишига оид прогноз кўрсаткичини пасайтирди.
Манбада айтилишича, бунга ўтган ойда Парижда рўй берган воқеалар асосий сабабдир. Кейинги вақтларда ушбу давлатда сайёҳлар оқими сезиларли даражада камайган. Бу эса меҳмонхоналар ва ресторанлар фаолиятига салбий таъсир кўрсата бошлади.
Сўнгги чоракда Франция ялпи ички маҳсулоти, аввал тахмин қилинганидек, 0,4 фоиз эмас, балки 0,3 фоиз ўсади.

Асабни асранг!
Буюк Британиядаги инсон миясини ўрганишга ихтисослаштирилган марказ кучли ҳаяжон ҳолатининг саломатликка таъсири ҳақида тадқиқот ўтказди.
Бу илмий изланишларда ёшлар ва кексаларнинг асаб тизими алоҳида текширувлар ёрдамида ўрганилди. “The Conversation” нашрида ёзилишича, асабнинг жунбушга келиши кўплаб касалликларга йўл очади ва руҳиятнинг ёмонлашишига сабаб бўлади. Жумладан, юрак-қон томир хасталиклари келиб чиқиши, ўзини бошқара олмай қолиш эҳтимоли ошиши кузатилади, кишида ўзига ишонч йўқолади, ёлғиз қолишга интилиш кучаяди. Шу боис мутахассислар иложи борича асабни асраш кераклигини тавсия этишмоқда.

Венеранинг илк сурати
НАСА ўзининг интернетдаги сайтида илк бор Венера сайёраси суратини эълон қилди.
Ушбу расм шу йилнинг 5 декабрь куни япониялик астронавт Кимия Юи томонидан олинган. У айни пайтда “Ацацуки” кемасида узоқ муддатли парвозни амалга ошираяпти.
Агентлик Венера сайёраси билан боғлиқ бошқа янгиликларни кейинроқ маълум қилишини билдирди.

Қизиқ тадқиқот
Энг тез югурувчи жонивор — гепардлар Африка қитъасига қаердан келиб қолган?
Олимлар шу саволга жавоб топишга уриниб кўришди. Улар Намибия ва Танзанияда яшовчи еттита гепард ДНКсини таҳлил этиб, мазкур ёввойи ҳайвонларнинг келиб чиқиши Шимолий Америка ҳудудлари билан боғлиқ, деган хулосага тўхталишди. “Genome Biology” журналида чоп этилган мақолада ушбу тадқиқот ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn