Кутилмаган кўрсаткич
  • 04 Декабрь 2015

Кутилмаган кўрсаткич

Ноябрь ойида евроҳудудда инфляция даражаси кутилмаганда ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 0,1 фоиз пасайди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Экспертларнинг фикрича, бу ҳолат иқтисодиёт ҳамда истеъмол талабининг сустлиги билан боғлиқ. Гап шундаки, ягона валюта бирлигига аъзо давлатларда чакана савдо ҳажми Европа Марказий банки (ЕМБ)нинг 2 фоизлик мақсадли кўрсаткичидан анча кам.

Ҳозир ЕМБ ҳар ойда активлар ва облигациялар сотиб олиш учун 60 миллиард евро миқдорида маблағ сарфламоқда. Бу борада ишлаб чиқилган дастурнинг амал қилиш муддати кейинги йилнинг сентябригача мўлжалланган бўлиб, молия муассасаси шароитга қараб унинг муддатини узайтириши ҳам мумкин.

Илғор технологиялар кўргазмаси
Япония пойтахти Токио шаҳрида робот техникаларининг “iREX — 2015” халқаро кўргазмаси очилди.
Тўрт кун давом этадиган ушбу тадбирга 150 мингга яқин киши ташриф буюриши кутилмоқда. Соҳа ихлосмандлари 300 га яқин компания экспонатлари билан танишишлари мумкин.
Кўргазмада намойиш қилинаётган мижоз билан мулоқотга кириша оладиган сервис машиналари, кўринишидан тирик инсонга ўхшаб кетадиган андроидлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаяпти.

Олтин нархи арзонлашди
Хорижий оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга қараганда, жаҳон биржаларида олтин нархи сўнгги олти йил ичидаги энг паст даражага тушди.
Яъни унинг бир трой унцияси (бу ўлчов бирлиги бўлиб, 31,1034768 граммга тенг) 1056 АҚШ долларига баҳоланмоқда. Ушбу нодир металлнинг қиймати биргина ноябрь ойининг ўзида 7,5 фоиз арзонлашган.

Антиқа безакли телефон
Финляндиянинг “Nokia” компанияси филиалларидан бири —“Vertu” ёғоч билан безак берилган смартфонларни намойиш этди.
“Aster Yosegi Wood” номи берилган ушбу турдаги алоқа воситаси муаллифларини япон халқининг тахтага сайқал бериш санъати — йосеги илҳомлантирган. Телефоннинг ғилофи табиий чармдан ишланган.
— Ёғоч ҳам зийнат, ҳам технологик материалдир, — дейди компаниянинг дизайн бўлими бошлиғи Хатч Хатчисон. — У маҳсулотга кўркамлик бахш этади. Чидамли, ток ўтказмайди ва антеннанинг бенуқсон ишлашига ҳам таъсир кўрсатмайди.

Стресс-тест ўтказилди
Буюк Британиянинг “Royal Bank of Scotland” ҳамда “Standard Chartered” банклари молия муассасалари барқарорлигини аниқлаш мақсадида ўтказилган стресс-тестлар натижасида мамлакатдаги энг заиф муассасалар, деб топилди.
Масалан, “Standard Chartered” маблағларининг минимал етарлилик даражаси белгиланган 6 фоизлик кўрсаткичдан ҳам паст экан. Буюк Британиядаги молия ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Англия банки ушбу ҳолат бўйича уларга бирор бир жазо қўллаш ниятида эмас. Манбада айтилишича, улар бу сабоқдан тегишли хулоса чиқариб, вазиятни ўнглаш чораларини кўрадилар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn