Муваффақиятли парвоз
  • 17 Ноябрь 2015

Муваффақиятли парвоз

Японияда янги реактив йўловчи самолёти илк синов парвозини муваффақиятли ўтказди, дейилади “Reuters” ахборот агентлиги хабарида.
“MRJ” русумидаги лайнер Нагоя аэропортидан ҳавога кўтарилиб, бир соат парвоз қилган.

“Mitsubishi Aircraft Corporation” мутасаддиларининг таъкидлашича, бундай тезучар ва ёнилғи тежамкор авиатранспорт воситалари 2017 йилдан бошлаб оммавий равишда ишлаб чиқарилади ҳамда сотувга қўйилади. Янги маҳсулотга қизиқиш юқори. Буни ҳозирданоқ унга икки юздан зиёд буюртмалар келиб тушганидан ҳам билиш мумкин.

Келгуси йил учун тахмин
Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига қараганда, 2016 йилда жаҳон миқёсида нефтга бўлган кунлик талаб 1,8 миллион эмас, балки 1,2 миллион баррелга камаяди.
Ўз навбатида, агентлик “қора олтин” захираси рекорд даража — 3 миллиард баррелга етганини билдирди. Лекин қатор мамлакатлар бозордаги ўрнини сақлаб қолиш учун углеводород хом ашёсини янада кўпроқ қазиб олишни давом эттирмоқда. Бу ҳолат келгуси йилда талаб ва таклиф ўртасида катта фарқ юзага келишига сабаб бўлади.

Акциялари нархига таъсир қилди
Буюк Британиянинг мобиль алоқа компанияси — “Vodafone” жорий молиявий йил (1 апрелдан келгуси йилнинг 31 мартигача бўлган давр)нинг дастлабки олти ойини кутилганидан зиёдроқ даромад билан якунлади.
“Euronews” телеканали хабарига кўра, фойдаланувчилари сони кўплиги бўйича дунёда иккинчи ўринда турувчи мазкур оператор ушбу муваффақиятни “кўҳна қитъа”нинг бир қатор давлатлари бозорида кузатилаётган барқарорлик билан изоҳлади. Масалан, у хизмат кўрсатадиган Европадаги 13 та мамлакатдан 7 тасида савдо кўрсаткичлари сезиларли даражада ошган. Шу боис компания яқин орада мижозларига 4G тармоғини тақдим этишни ҳам режалаштирмоқда.
“Vodafone” фаолиятидаги ижобий ҳолат унинг Лондон биржасидаги акциялари нархи 5 фоиз кўтарилишига туртки берди.

Музлик эриб бормоқда
Гренландиянинг шимоли-шарқида жойлашган ва майдони 90 минг километр квадратга тенг “Zachariae Isstrom” музлиги эриб бормоқда.
“Science” журналида қайд этилишича, у йилига 5 миллиард тонна муз йўқотаяпти. Бунга глобал исиш жараёни ва унинг тубини ювиб турган илиқ сув оқими сабаб, дея тахмин қилинаётир.
Геофизикларнинг фикрига қараганда, агар ушбу музлик тўлиқ эриб кетса, Тинч океани сатҳи 46 сантиметр кўтарилади.

Кўчки содир бўлди
Хитой шарқидаги Лишуй қишлоғида кўчки содир бўлди.
Оқибатда 21 киши ҳаётдан кўз юмди, 16 киши бедарак йўқолди. “AP” ахборот агентлигининг ёзишича, 30 га яқин уй кўчки остида қолган. Айни пайтда воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Бу тадбирга икки мингдан ортиқ қутқарувчилар, ҳарбийлар, полициячилар ва 60 та техника воситаси жалб қилинган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Кутилганидек эмас Мажбурий чора қўллайди »