Қалин туман тушди
Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида мамлакат тарихидаги энг қалин туман тушиши ҳолати кузатилди.
Натижада ҳудуддаги аэропортларда бир қатор рейсларни бекор қилишга тўғри келди, дея ёзилади “The Independent” нашрида.
“British Airways” авиакомпанияси ҳам бу ҳақда йўловчиларни огоҳлантираяпти. Метеорологларнинг хабар беришича, Лондонда ушбу об-ҳаво ҳодисаси туфайли кўриш масофаси, бор-йўғи, 50 метрни ташкил этмоқда.
Даромади ошди
Ирландиянинг “Ryanair” авиакомпанияси даромади жорий йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларида 37 фоиз ошди.
Яъни у 1 миллиард 230 миллион еврони ташкил қилди. Йўловчи ташиш ҳажми ҳам 13 фоиз кўпайган. Бундай натижага эришилишида ёнилғига сарфланадиган харажатларнинг қисқартирилгани, сервис хизматлари сифати янада яхшилангани муҳим омил бўлди.
Бошқа клубга ўтмайдиган кўринади
Германиянинг “Бавария” футбол клуби бош мураббийси Хосеп Гвардиола жамоа раҳбарияти билан янги шартнома борасида деярли келишувга эришди.
Испаниялик мутахассиснинг ҳозирги шартномаси ушбу мавсум охирида якунига етади. Аввалроқ айрим манбалар томонидан Хосеп Англиянинг “Челси” ёки “Манчестер Сити” клубини бошқариши мумкинлиги тахмин қилинаётган эди.
Олимпиада учун магистраль
2022 йили Хитойда қишки Олимпиада ўйинлари ўтказилиши муносабати билан Пекин ҳамда Чжанцзякоу шаҳарларини ўзаро боғловчи янги темир йўл магистрали барпо этилади.
“Reuters” ахборот агентлиги хабарига кўра, юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларга мўлжалланган ушбу коммуникация тармоғини қуриш лойиҳасининг умумий қиймати 9,2 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. Темир йўлнинг узунлиги 174 километрни ташкил этади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Олимпиада мусобақалари 2022 йилнинг 4 — 20 февраль кунлари бўлиб ўтади.