Ражив Арора: «Мамлакатингизда хорижий инвесторлар учун қулай сармоявий муҳит яратилган»
  • 29 Октябрь 2015

Ражив Арора: «Мамлакатингизда хорижий инвесторлар учун қулай сармоявий муҳит яратилган»

Жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро сармоявий форумга Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакиллари ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда. Хусусан, мазкур анжуманда қатнашиши кутилаётган “Muez-Hest” компаниясининг стратегик тараққиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси Ражив Арора “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

— Аввало, дунёнинг кўплаб илғор компания ва ишлаб чиқарувчи ташкилотларини ўзига чорлаётган Тошкент халқаро сармоявий форумида “Muez-Hest” компанияси салоҳиятини тақдим этиш имконияти пайдо бўлганидан мамнунлигимизни айтмоқчиман.
“Muez-Hest” ёғ-мой саноати, сабзавот ҳамда мевалар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлашга мўлжалланган ускуналар ишлаб чиқариш, ушбу йўналишда фаолият юритувчи корхоналарни ташкил қилиш, уларни зарур асбоб-ускуна ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш бўйича Ҳиндистонда ва кўплаб хорижий давлатларда муваффақиятли иш олиб бораётган нуфузли компаниялардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон тарихан қисқа даврда иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланаётган замонавий давлатлар сафидан жой эгаллади. Бугун мамлакатингизнинг чорвачилик ҳамда боғдорчилик соҳасидаги салоҳияти юқорилиги, шу билан бирга, экспортга хом ашё эмас, тайёр маҳсулот етказиб бериш имкониятлари ортиб бораётгани ва юртингиз тадбиркорлари бундан унумли фойдаланишаётгани алоҳида эътирофга лойиқ кўрсаткич ҳисобланади.
Биз ҳам мазкур йўналишда ўзбек ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилишни, яъни Ўзбекистоннинг кенг имкониятлар яратилган индустриал зоналарида бизнес юритиш мақсадида Халқаро сармоявий форумда иштирок этишни режалаштираяпмиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистоннинг Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ҳаётга изчил татбиқ қилинаётган мустақил тараққиёт модели ўта пухта ўйлангани боис бугунги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида ҳам ўзининг ҳаётий эканини тўлиқ исботлади. Мамлакатингизда хорижий инвесторлар учун қулай сармоявий муҳит шакллантирилгани, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниб, эркин фаолият юритишлари учун кенг имконият ҳамда афзалликлар яратилгани билан бирга, банк тизимини такомиллаштириш, озиқ-овқат дастурини амалга ошириш ва бошқа шу каби иқтисодий мавзулардаги халқаро конференциялар, мунтазам тарзда халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркаси, инвестиция форумларининг ўтказилиши ҳам Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш стратегик жиҳатдан аниқ режаларга асосланганини англатади, десам, хато бўлмайди.


«Жаҳон» АА.
Деҳли

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn