Режада қисқартириш
  • 13 Март 2014

Режада қисқартириш

Италиянинг “UniCredit” банки ўтган йилни 14 миллиард евро миқдоридаги зарар билан якунлаганини маълум қилди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Унинг асосий қисми тўртинчи чоракдаги салбий натижалар билан боғлиқ бўлиб, ушбу даврда молия муассасаси 9 миллиард евро ҳажмида зиён кўрган. “UniCredit” мутасаддилари банк фаолиятини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган янги режа вазиятни ижобий томонга ўзгартиришига ишонч билдиришмоқда. Унга кўра, 2014 йилда 2 миллиард, 2018 йилга бориб эса, 6,6 миллиард евро миқдорида фойда олиш мўлжалланмоқда. Бунда харажатларни тежаш мақсадида иш ўринлари сони 8,5 мингтагача қисқартирилиши алоҳида ўрин тутади.

Янги стандартдаги диск
Япониянинг “Sony” ҳамда “Panasonic” компаниялари ҳамкорликда лазер дискнинг янги стандартини ишлаб чиқди.
“Archival Disc” номини олган мазкур электрон восита келгуси йилнинг ёз ойларида сотувга чиқарилади. Унинг афзаллиги шундаки, маълумотлар сиғими айни пайтда энг замонавий ҳисобланган “Blu-ray” форматидаги дискларга нисбатан сезиларли даражада катта. Хусусан, дастлабки босқичда харидорларга 300 гигабайт, кейинчалик 500 гигабайт ва ниҳоят 1 терабайтлик дисклар таклиф қилинади. Қиёслаш учун келтириб ўтамиз, “Blu-ray” стандартида кўпи билан 50 гигабайтгача маълумот ёзиш мумкин.

Ҳар жиҳатдан фойдали тизим
Германиянинг “Audi” компанияси светофор чироқларининг ўчиб-ёниш вақтини автомобиль экрани орқали кузатиб туриш имконини берадиган ноёб тизим яратди.
Интернет ёрдамида ишлайдиган мазкур технология нафақат ҳайдовчи учун қулайлик яратади, балки атроф-муҳитга зарарли газлар чиқишини ҳам сезиларли даражада камайтириш имконини беради. Масалан, светофорнинг яшил чироғи ёнгунга қадар машинанинг эгаси двигателни ўчириб туриши мумкин. Дисплейдаги вақтга қараб, у ҳаракатланишга тайёргарлик кўради. Агар ушбу жараёнда ҳайдовчи эътиборсизликка йўл қўйса, яшил чироқ ёнишига 5 сония қолганда тизим автомобиль моторини автоматик тарзда ўт олдиради.
Мутахассисларнинг айтишича, ушбу янгилик қўлланилса, ҳар бир машинадан ҳавога чиқадиган зарарли газлар миқдори йилига 15 фоизгача қисқараркан.

Томошабинлари сонини оширмоқчи
АҚШнинг “Walt Disney” компанияси интернетда онлайн-видео хизмати кўрсатувчи “Maker Studios” компаниясини сотиб олиш орқали томошабинлари сонини оширмоқчи.
Мусиқий ва комедия йўналишидаги қизиқарли видеолавҳалар жойлаштириладиган мазкур сайт, айниқса, ўсмирлар ўртасида анча машҳур.
“The Wall Street Journal” нашрида ёзилишича, агар “Walt Disney” келишувга эриша олса, бунинг учун 500 миллиондан 900 миллион долларгача бўлган маблағдан воз кечишига тўғри келади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn