Таклиф тайёрланмоқда
  • 16 Июль 2015

Таклиф тайёрланмоқда

Хитойлик инвесторлар АҚШнинг микропроцессорлар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик “Micron Technology” компаниясини сотиб олиши мумкин. “Wall Street Journal” нашри хабарига кўра, айни пайтда “Tsinghua Unigroup” корпорацияси унинг ҳар бир акцияси учун 21 АҚШ доллари, умумий ҳисобда эса 23 миллиард доллар бериш борасида таклиф тайёрламоқда.

Агар томонлар бир тўхтамга келишса, бу Хитойнинг хорижлик рақобатчи билан тузган энг йирик битими бўлади.
Аммо экспертлар мазкур келишувнинг амалга ошиш эҳтимоли жуда кам эканлигини айтишаяпти. Уларнинг фикрича, бунга, аввало, монополияга қарши халқаро ташкилотлар, шунингдек, АҚШнинг хорижий инвестициялар бўйича қўмитаси розилик бермаслиги мумкин.

Темир йўлдаги кўнгилсизлик
Тунисда йирик темир йўл ҳодисаси содир бўлди.
Бу ерда иккита поезд тўқнашиб кетиши оқибатида қарийб 50 киши турли даражада тан жароҳати олган. Улардан бирининг аҳволи оғирлиги айтилаётир.
Фожиа нима сабабдан юз бергани аниқ эмас. Воқеа жойида мутхассислар мазкур масалага ойдинлик киритиш учун иш олиб боришмоқда.

Икки чоракда бир хил кўрсаткич
Жорий йилнинг иккинчи чорагида Хитойда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми етти фоиз ўсди.
Мамлакат статистика бюроси томонидан маълум қилинишича, бу йилнинг дастлабки уч ойидаги кўрсаткич билан бир хил.
Айтиш лозимки, ўтган йили мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,4 фоизни ташкил этган эди. Аммо бу сўнгги 25 йил давомида қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Бир бош узум баҳоси
Японияда ўтказилган аукционда оғирлиги етти юз граммга тенг бир бош узум бир миллион иен (8200 АҚШ доллари)га сотилди. Бу мазкур турдаги мева учун тўланган рекорд нарх ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, “Рим ёқути” дея номланган ушбу нав маҳаллий селекциячиларнинг кўп йиллик изланишлари маҳсулидир. Унинг доналари жуда ширин бўлиб, катталиги стол тенниси коптокчасидек келади.
Аукционда узумни маҳаллий ресторанлардан бирининг бош ошпази сотиб олган.

Бино қулаб тушди
АҚШнинг Бруклин шаҳрида тўрт қаватли бинонинг қулаб тушиши оқибатида уч киши жабрланди.
Шаҳар ўт ўчириш бошқармаси вакилининг айтишича, кўнгилсизлик юз берган вақтда бинода ҳеч ким бўлмаган. Чунки у таъмирлашга тайёрланган бўлиб, газ ва электр таъминоти тизимидан узиб қўйилганди. Жабрланганлар эса унинг атрофидан ўтиб кетаётган одамлардир.
Мазкур воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Мобиль шифокор»
Жанубий Кореянинг “Samsung” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган смартфон қурилмалари кўплаб фойдаланувчиларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш имконини бермоқда.
Масалан, унинг “Galaxy S5” русумидаги қурилмаси ёрдамида юрак уриши меъёри, босиб ўтилган йўл ва бунга қанча миқдорда калория сарф этилганини билиш мумкин. Энди компания навбатдаги моделлардан бирига инсон танасидаги ёғ миқдорини аниқлайдиган дастурни киритишни режалаштираётир. Бу янгилик унинг смартфонлари савдоси янада оммалашишини таъминлаши мумкин.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эҳтиёж кучаяди Активларидан воз кечди »