Қўғирчоқлар савдоси пасайди
  • 23 Апрель 2015

Қўғирчоқлар савдоси пасайди

Ўтган йили “Mattel” (АҚШ) компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган “Barbie” қўғирчоқлари ҳамда “Fisher-Price” ўйинчоқлари савдоси мос равишда 16 ва 13 фоиз пасайган. Компания тарқатган маълумотга кўра, пасайиш суръатлари жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам сақланиб қолди.

Натижада компания 58,2 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрди.
Изоҳланишича, ўтган йилда “Barbie” қўғирчоқлари сўнгги олти йил ичида илк бор жиддий рақобатга дуч келди. Айни пайтга келиб, электрон, “Hasbro” компанияси ишлаб чиқараётган “Disney” концерни фильмлари қаҳрамонлари тимсолидаги ўйинчоқлар ҳамда “Lego” конструкторлари кўпроқ оммавийлашган.

«Заҳри қотил»нинг йўли тўсилди
Боливия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мамлакатдан олиб чиқиб кетилаётган, умумий оғирлиги 654 килограммга тенг кокаин гиёҳвандлик моддасининг йўли тўсилди.
Манбага қараганда, 48 миллион АҚШ долларига баҳоланган ушбу “заҳри қотил” Испанияга жўнатишга мўлжалланган экан. Полиция бу ишга алоқадорликда  гумон қилинган олти кишини қўлга олди.
Умуман, жорий йил бошидан Боливияда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдаларга қарши жиддий кураш олиб борилаяпти. Ўтказилган махсус амалиётлар чоғида 11 тонна кокаин ва 23 тонна марихуана моддаси мусодара қилинди. Уларнинг савдоси билан шуғулланган минг нафардан зиёд жиноятчи ҳибсга олинди.

Торнадо келтирган талафот
Бразилия жанубидаги Шаншере шаҳрида юз берган торнадо оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди. Юз нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакили тан жароҳати олган. Улардан аксариятининг аҳволи оғирлиги маълум қилинган.
Қутқарув хизматининг баҳолашича, шаҳарнинг 30 фоиз ҳудудига  жиддий зарар етган. Табиий офат туфайли 2,6 мингта бино вайрон бўлди. Натижада минглаб одамлар бошпанасидан айрилди.
Ҳукумат Шаншередаги талафотларни бартараф этишга кўмаклашиш учун 100 нафар ҳарбий хизматчини сафарбар этган.

Янги марраларни кўзламоқда
Бири-биридан ажойиб ва ноёб саҳна чиқишларини ташкил этиш бўйича дунё миқёсида ном қозонган Канаданинг “Қуёш цирки” (Cirque du Soleil) компанияси сотиб юборилди.
“Рейтер” ахборот агентлиги хабарига кўра, уни АҚШнинг “TPG Capital LP”, Хитойнинг “Fosun Capital Group” муассасалари ва Канаданинг “CDPQ” пенсия жамғармаси харид қилган. Цирк жамоаси янги муассислар кўмагида бундан-да юксак ижодий марраларни забт этишга умид боғлашаяпти.
Маълумот ўрнида келтириб ўтсак, “Қуёш цирки” 1984 йилда ташкил қилинган бўлиб, унинг ижодий жамоаси 40 дан зиёд мамлакатда саҳна кўринишларини намойиш этган.

Тошнинг баҳоси
Нью-Йоркдаги “Sotheby‘s” аукционида оғирлиги 100 каратга тенг бўлган оқ бриллиант 22,1 миллион АҚШ долларига сотилди.
Бу кимошди савдоларида пулланган энг қиммат олмос эмас. Негаки, 2013 йилда Женевада пушти рангли бриллиант 83,02 миллион АҚШ долларига сотилган. Ўшанда “Пушти юлдуз” деб номланган қимматбаҳо тошни сотиб олган киши бундан кейин олмоснинг “Пушти умид” деб аталишини маълум қилган.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn