Маҳсулот баҳоси бўйича тахмин
  • 15 Апрель 2015

Маҳсулот баҳоси бўйича тахмин

Жорий йилда бир баррель нефть нархи 60 АҚШ доллари атрофида қолади. Келаси йилда эса унинг баҳоси 70 долларгача кўтарилиши мумкин.
Жаҳон савдо ташкилотининг иқтисодий тадқиқотлар ва статистика бошқармаси иқтисодчиси Калеман Ни шундай фикр билдирди. Демак, “қора олтин”нинг қиймати 100 доллардан ошади, деган тахминлар ҳақиқатдан йироқ.
Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, биржалардаги сўнгги савдолар чоғида “Brent” ва “WTI” типидаги нефтнинг бир баррели учун мос равишда 59,57 ва 54,22 доллардан шартномалар имзоланган.

Юкхонада қолиб кетган экан
Сиэтлдан Лос-Анжелесга парвозни амалга ошираётган АҚШнинг “Alaska Airlines” авиакомпаниясига қарашли “Boeing 737” самолёти аэропортга қайтишга мажбур бўлди.
Манбада айтилишича, ҳаво лайнери юкхонасида тақиллаган овоз эшитила бошлагани сабабли унинг капитани хавфсизлик нуқтаи назаридан шундай қарор қабул қилган. Кейин вазиятга ойдинлик киритилди. Маълум бўлишича, самолётнинг юк бўлмасида аэропорт ходимларидан бири ухлаб қолган экан. Унга ҳеч қандай шикаст етмаган бўлса-да, тиббий кўрикдан ўтиши учун касалхонага юборилган.

Овлашга рухсат берилади
Жорий йил охирига бориб япониялик денгизчиларга Антарктикадан китларни овлашга қайтадан рухсат берилиши мумкин.
“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, ўшангача “Кунчиқар юрт” ҳукумати халқаро ҳамжамиятни бу турдаги жониворлар бошқа бир жойда — Тинч океанининг жанубий қисмида кўпаяётгани, шу туфайли овчиларга рухсат бериш китларнинг камайиб кетишига олиб келмаслигига ишонтирмоқчи.
Маълумки, кит гўшти Япония аҳолиси севиб истеъмол қиладиган таомлардан ҳисобланади. Ушбу мамлакатда бу турдаги жониворларни овлаш ўтган йили тақиқлаб қўйилган эди.

Ажабтовур сўровнома
Буюк Британиянинг “Matalan” агентлиги томонидан ғалати ижтимоий сўров ўтказилди. Унда мамлакат аҳолисидан “Сизга ким кўпроқ яқинроқ, қариндошингизми ёки уй ҳайвонлари?” дея сўралди. Якунда жами иштирокчиларнинг 60 фоизи эри ёки хотинини биринчи ўринда кўришини билдирган. Улардан кейин ака-ука ёки опа-сингил қадрли экани айтилган. 21 фоиз қатнашчи қайнона ва қайнотасини кўрсатган. Қизиқ жиҳати, респондентларнинг 22 фоизи ушбу рўйхатда ўзлари парваришлаётган уй ҳайвонларини олдинги ўринга қўйган.
Шунингдек, сўровда иштирокчиларга оиласи учун энг қадрли нарса нималигига ҳам аниқлик киритилди. Унга кўра, 35 фоиз киши оиласи бахти, 25 фоизи эса саломатлик муҳимлигини билдирган. Қолганлар фаровонликдан афзалроғи йўқ, деб ҳисоблаган.

Бир жамоада тўп суриши мумкин
“Барселона” ва “Реал Мадрид” футбол клублари (Испания) етакчи ҳужумчилари Лионель Месси ҳамда Криштиану Роналдунинг бир жамоада тўп суриш эҳтимоли бор, дейилади “Мundo Deportivo” нашрида.
Ушбу ҳолат УЕФА томонидан Европа лигаларининг энг кучли ўйинчилари иштирокида ўтказилиши режалаштирилаётган беллашувда кузатилиши мумкин. Ташкилот бу борада ҳар йили шундай томоша дастурлари уюштирадиган Миллий баскетбол уюшмаси ва Миллий хоккей лигасидан ўрнак олмоқчи.
Қоидага мувофиқ, баҳсда Шимолий ҳамда Жанубий Европа давлатлари клублари аъзоларидан шакллантириладиган термалар қатнашади. Айни шунга асосланиб айтганда, сўнгги етти йилдан бери дунёнинг энг яхши футболчисига топшириладиган “Олтин тўп” совринини ҳеч кимга бермай келаётган Месси ва Роналдунинг бир жамоада тўп суриши эҳтимолга яқин. Мазкур лойиҳа 2017 йилдан эрта рўёбга чиқмайди. Чунки УЕФА олдида ҳали ташкилий масалаларни ҳал этиш вазифаси турибди.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn