Уч ойдан буён ижобий натижа
  • 14 Апрель 2015

Уч ойдан буён ижобий натижа

Февраль ойида Ҳиндистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 5 фоиз ўсди.
Бу таҳлилчиларнинг “MarketWatch” сайтида эълон қилинган прогнозидан 1,7 фоиз кўп. Умуман, мамлакатда саноат соҳасида кетма-кет уч ойдан буён ижобий натижа қайд этилаяпти. Изоҳланишича, жаҳон бозорида нефть нархининг пасайгани ва рупий қийматининг барқарор ҳолатда сақланиб тургани бунда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Янги маҳсулотлардан умид катта
Ўтган ҳафтадан эътиборан АҚШнинг “Apple” компанияси ўзининг янги маҳсулоти — “ақлли” соатларига буюртмалар қабул қилишни бошлади.
Уларнинг нархи 350 дан 17 минг долларгача этиб белгиланган. Маҳсулотни харидорларга етказиб бериш ишларига икки ҳафтадан сўнг киришилади. Қизиғи, “Apple”нинг асосий рақобатчиси “Samsung” компанияси ҳам бир вақтнинг ўзида иккита янги — “Galaxy S6” ва “Galaxy Edge” смартфонларини Европа, Шимолий Америка ва Осиё давлатларида сотишни йўлга қўйди.
Маълумки, 2014 йилнинг сентябрь ойида “Apple” компанияси “iPhone 6” русумидаги телефонини савдога чиқариб, тўртинчи чоракни катта миқдордаги даромад билан якунлаган эди. Ушбу ҳолат туфайли “Samsung”нинг жаҳон мобиль алоқа бозоридаги улуши 30 фоизга тушиб қолганди. Энди Жанубий Корея ишлаб чиқарувчиси янги смартфонлар орқали ўшанда бой берилган имконият ўрнини тўлдириш ниятида.

Йўл устига қулаб тушди
Германия шимолида унчалик катта бўлмаган самолёт ҳалокатга учради.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга қараганда, “Cessna” русумли ҳаво транспорти Ольденбург шаҳри яқинидаги трассага қулаб тушган. Оқибатда бир киши ҳаётдан кўз юмди, уч нафар одам жиддий жароҳатланди. Ҳозирча воқеанинг келиб чиқиш сабаби номаълум. Дастлабки тахминларга кўра, бу учувчининг хатоси билан боғлиқ бўлиши мумкин.


Рекордлар китобига кирмоқчи
“Франциялик ўргимчак одам” номи билан танилган Ален Робер ҳеч қандай эҳтиёт воситаларисиз навбатдаги осмонўпар бино — Дубайдаги 75 қаватли “Kayan Tower”га кўтарилди.
У 310 метр баландликни 65 дақиқа ичида забт этди. Ален  альпинистларнинг фақат бўр ва махсус оёқ кийимидан фойдаланган. Энди у Гиннеснинг рекордлар китобига кириш учун қайднома мутасаддиларига мурожаат қилмоқчи.
Ален Робер фаолияти давомида 130 га яқин осмонўпар бинолар, жумладан, БААдаги “Burj Khalifa”, Нью-Йоркдаги “Empire State Building” ҳамда Париждаги Эйфель минорасига чиққан.

Молиявий ташкилот хулосаси
Европа марказий банки евроҳудуд давлатлари ва Буюк Британиянинг глобал иқтисодий инқироз даврида, яъни
2008 — 2013 йилларда молиявий секторни қўллаб-қувватлаш учун тўғридан-тўғри йўналтирган маблағлари ҳақидаги маърузани эълон қилди.
“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, ушбу даврда, хусусан, ягона валюта бирлигига аъзо мамлакатлар ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўртача 5,1 фоизи банк тизимини таназзул таъсиридан ҳимоялашга сарфланган. Албатта, алоҳида олиб қаралганда, ҳар бир давлатда рақамлар турлича. Масалан, Ирландияда ЯИМнинг 37,3, Грецияда қарийб 25, Словенияда эса 14 фоиздан зиёди ушбу мақсад учун ажратилган.
Шуни ҳам айтиш жоизки, молия-банк тизимига энг кўп эътибор қаратган Ирландия ҳамда Грецияда йўналтирилган сармояларнинг ярмидан кўпи қайтарилмайдиган тоифага киради.


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn